Кредит қайтарилмагани учун BYD электромобили аукционга қўйилди

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2025 йил 17 ноябрь кунги қарорига асосан қарздор А.О.дан «Асакабанк» АТБ фойдасига 211,9 миллион сўм ундириш ва ушбу ундиришни BYD Song Plus маркали электромобилга қаратиш белгиланди.
Ушбу суд қарори бўйича чиқарилган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Алоҳида аҳамиятга эга ижро ишларини ижро этиш бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим томонидан ижро ҳаракатларига киришилди.
Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилиб, суд қарори ижросини таъминламаслик оқибатлари тушунтирилди.
Шунга қарамасдан, қарздор ижро этмаганлиги сабабли, кредитга олинган автомашина бўлим давлат ижрочиси томонидан тегишли тартибда хатловга олиниб, жорий йилнинг 18 январь куни электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқариб юборилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги