Ижтимоий ҳимоя тизимида замонавий “ақлли” ечимлар жорий этилади
Маълумки, CАМCE — Хитойдаги энг йирик инжиниринг компанияларидан бири бўлиб, 70 та давлатда лойиҳаларни амалга оширади. Компания саноат, инфратузилма ҳамда ижтимоий объектларни фойдаланишга тайёр ҳолатда қуришга ихтисослашган. Шунингдек, унинг экотизимида реабилитация марказлари учун замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминлашни ўз ичига олган тайёр ечимларни тақдим этувчи ҳамкор ва шўъба корхоналар мавжуд.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегацияси Пекин шаҳрида Хитойнинг йирик инжиниринг корпорацияси — CAMCE раиси жаноб Ван Бо билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида корпорация раиси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини, ушбу жараёнларда очиқлик, ишонч ва тараққиёт руҳи яққол сезилаётганини таъкидлади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон мувозанатли йўлни танлагани, инсонга ғамхўрлик ва мамлакат тараққиёти бир вақтда олиб борилаётгани қайд этилди.
Учрашувда Ягона ижтимоий ҳимоя реестри орқали манзилли ёрдам кўрсатиш тизими ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун мактабгача таълим ва реабилитация хизматларини бирлаштирган “Имкон” марказлари Хитой томонида алоҳида қизиқиш уйғотди.

Музокаралар якунларига кўра, томонлар ижтимоий ҳимоя тизимига замонавий “ақлли” ечимларни жорий этиш, шунингдек, илғор инжиниринг технологиялари асосида реабилитация инфратузилмасини янгилаш имкониятларини ўрганишга келишди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА