Ҳиндистон рупияси тарихий энг паст даражага тушди

6

Ҳиндистон миллий валютаси – рупия кескин қадрсизланишда давом этмоқда. “Bloomberg” нашри ёзишича, кеча ҳинд рупияси Осиё молиявий бозорида тарихий энг паст кўрсаткични қайд этган.

Таъкидланишича, рупия бир кун ичида 0,8 фоизга арзонлаб, 1 АҚШ доллари учун 91,7450 даражасига тушди. Қизиқ томони, айнан шу куни қитъамиздаги бошқа валюталар — Жанубий Корея вони, Индонезия рупияси ва Филиппин песоси мустаҳкамланган.

Экспертлар фикрича, бу ҳолат Ҳиндистондаги вазият умумий Осиё бозорлари тенденцияси билан эмас, балки мамлакат ичидаги муаммолар билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда. Айни пайтда инвесторларнинг рупияга бўлган ишончи сезиларли даражада пасайган.

Рупия қадрсизланишининг асосий сабаби — хорижий капиталнинг Ҳиндистондан тез суръатларда чиқиб кетишидир. Жорий ой давомида хорижий инвесторлар ҳинд фонд бозоридан қарийб 2,7 миллиард доллар маблағни олиб чиқди. Бу эса 2025 йил давомида олиб чиқилган 19 миллиард долларлик капитал фонида босимни янада кучайтирди.

Шунингдек, АҚШ билан савдо муносабатларидаги кескинлик ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда. Жарима божлари Ҳиндистон экспортига салбий таъсир кўрсатаётган бўлса, импортга бўлган юқори талаб компанияларни доллар захираларини фаол равишда жамлашга ундамоқда.

Ф.Яхшибоева, ЎзА