Суд тизимида сунъий интеллект имкониятлари

9

Бугунги кунда рақамли технологиялар жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кенг татбиқ этилаётган даврда суд-ҳуқуқ тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва судлар фаолиятини рақамлаштириш одил судловни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараён суд ишларини юритишда замонавий ёндашувларни қўллаш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суд тизимини рақамлаштириш, аввало, электрон ҳужжат айланиши, онлайн суд мажлислари, масофадан туриб ариза ва шикоятларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд жараёнларининг тезкор ва қулай бўлиши таъминланади. Натижада фуқаролар ва тадбиркорлар ортиқча вақт ва харажатлардан қутулиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали механизмларга эга бўлади. Шу билан бирга, рақамли ечимлар инсон омили таъсирини камайтириб, хато ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олади.

Сунъий интеллект технологияларининг судлар фаолиятига жорий этилиши эса катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, суд амалиётини умумлаштириш ва ишларни кўриб чиқиш жараёнини самарали ташкил этиш имконини беради. Хусусан, суд қарорларини таҳлил қилиш, ўхшаш ишларни аниқлаш, ҳужжатларни автоматик тарзда тизимлаштириш ва ишларни кўриб чиқиш муддатларини чамалаш (прогнозлаш) орқали судьяларнинг иш юкламаси сезиларли даражада камаяди. Бу эса судьяларга ҳар бир ишнинг мазмун-моҳиятига чуқур эътибор қаратиш имконини беради.

Шу билан бирга, рақамли ва сунъий интеллектга асосланган суд платформалари орқали суд жараёнлари ҳақидаги маълумотларни очиқ кузатиш, суд қарорлари билан эркин танишиш ва иш ҳолатини реал вақт режимида билиш имконияти ҳам яратилади. Бу эса шаффофликни кучайтириш билан бирга, коррупция ҳолатларининг олдини олишда ҳам муҳим омилдир.

Умуман олганда, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнлари суд-ҳуқуқ тизимини янада самарали, адолатли ва замонавий қилишга қаратилган.

Бу ислоҳотлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ва суд тизими сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Еламан Бисенов,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги