Ҳарбий хизматчилар учун сайёр қабул ўтказилди

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, бўш иш ўринлари билан таништириш ва ишга жойлашишида амалий ёрдам бериш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округда Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида иштирокчиларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий йўналишдаги мурожаатлари тингланди. Жумладан, уй-жой масалалари, бандлик, кредит ва моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, фарзандларнинг таълим олиши билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Тадбирда ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ёки хизмат фаолиятини олиб бораётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун ҳудуддаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар берилди. Масъул ташкилотлар вакиллари томонидан ишга жойлашиш тартиби, зарур ҳужжатлар ва касбга қайта тайёрлаш имкониятлари бўйича тушунтиришлар олиб борилди.
Нукус ҳарбий прокурори томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашда адолат ва шаффофликни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбирда бундай сайёр қабуллар ҳарбий хизматчилар билан бевосита мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларига жойида ечим топиш ҳамда ижтимоий ҳимояни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Якунда мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар эса назоратга олиниб, ижроси юзасидан масъул идораларга юборилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги