Ўзбекистон-АҚШ: нефть-газ соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади

11

Энергетика ва нефть-газ соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу йўналишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан етакчи хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамият бошқаруви раиси Абдуғaни Сангиновнинг «Air Products» компанияси Европа ва Африка минтақалари бўйича президенти Иво Болс билан ўтказган мулоқоти ҳам шу мақсадларга қаратилди.

Дастлаб томонлар ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Сўнгра қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, шунингдек нефть-газ тармоғида ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Айниқса, бунда табиий газни чуқур қайта ишлаш соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.

Бундан ташқари, “Uzbekistan GTL” заводининг барқарор ва узлуксиз фаолиятини таъминлаш, технологик қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ускуналарининг ишончли ишлаши ҳамда эҳтиёт қисмларни ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Суҳбат якунида томонлар газни қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон нефть-газ тармоғида амалга оширилиши режалаштирилаётган бошқа истиқболли лойиҳалар бўйича стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини қайд этди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА