“Рақамли ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан қўмитанинг 2025 йилги фаолияти якунлари ҳамда жорий йилдаги режалари юзасидан ОАВ вакиллари учун очиқ мулоқот ва пресс-тур ташкил этилди.
Маълум қилинганидек, қўмита ўтган йилдаги фаолияти давомида 11 та қонун лойиҳасига масъул бўлган, улардан 9 таси қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилган. 2 таси иккинчи ўқиш муҳокамасига тайёрланаётгани айтиб ўтилди.

Қонун ижодкорлиги йўналишида қўмитанинг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Мазкур қонун шу йил 21 январь куни Президентимиз томонидан имзоланди.
Ушбу ҳужжат сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилаш ҳамда мазкур соҳада юзага келадиган муносабатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб, қўмита томонидан киберкоррупция йўналишидаги муносабатларни тартибга солишда ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат органлари фаолиятининг рақамли шаффофлигини таъминлашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қўмита келгусидаги фаолияти давомида давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида инновациялар ва ахборот технологиялари соҳасида белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирган.

Жумладан, қонунчилик жараёнларининг тезкор ва сифатли бўлиши, парламент назоратининг самарадорлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилишнинг илғор усулларини жорий этиш мақсадида Қонунчилик палатаси фаолиятига, қонун ижодкорлиги жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этишни мақсад қилган.
Шунингдек, электрон хизматлардан фойдаланишда фуқароларга қулайликлар яратиш, улар иштирокини янада ошириш, аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан ногиронлар, кексалар ва олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг рақамли имкониятлардан фойдаланишини кенгроқ таъминлаш мақсадида “Рақамли ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА