“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қатор мақсад ва вазифалар акс этмоқда
“Тараққиёт стратегияси” марказида “Аҳоли саломатлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш: мақсад ва вазифалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш, бунда барқарор иқтисодий ўсиш, янгича таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, қулай экологик шароитларни яратиш масалаларида сўз юритди. Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда бошқа кўплаб устувор йўналишлари бўйича янги самарадорлик кўрсаткичлари белгилаб олинаётгани юзасидан маълумот берди.
Шунингдек, тадбир давомида вазирлик ва идоралар вакиллари такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасидаги тегишли йўналишлар бўйича вазифалар ҳамда кўрсаткичлар ҳақида фикр билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова тиббиёт соҳасида янги технологиялар ҳамда воситаларни жорий қилиш орқали аҳоли саломатлигини тўлиқ таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар асносида ушбу тизимда келгуси беш йиллик учун белгилаб олинаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.
Жумладан, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар улушини 2030 йилга қадар ЯИМнинг 5 фоизига етказиш, қандли диабет касаллиги бор беморларни даволаш қамровини 100 фоиз таъминлаш, республикада гемодиализ ўрин жойлари билан беморларни тўлиқ қамраб олиш ва ўртача яшовчанлигини ўн уч йилдан ошириш, даволаш муассасаларига поликлиника электрон йўлланмаси орқали борган беморлар улушини 70 фоизга етказиш, барча хавфли ўсма аниқланган беморларни даволашни 100 фоиз қамраб олииш ҳамда тиббиёт соҳасида 20 та сунъий интеллект лойиҳасини ишга тушириш вазифаларини таҳлил қилиб берди.
Шу билан бирга, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Бекзод Раҳмонов соҳада бажарилаётган чора-тадбирлар, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг инклюзив таълимга қамров даражасини 15 фоизга ошириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланишга жалб этилган хотин-қизлар сонини ҳар йили 100 минг (жами 500 минг) нафарга ошириш каби масалаларга тўхталди. Шунингдек, маҳаллаларда 3 840 та хотин-қиз бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш каби кўрсаткичлар ҳақида тушунтириб ўтди.
Тадбир давомида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси масъуллари ҳам мамлакатимизда хотин-қизлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёт сифатини оширишнинг аҳамиятига тўхталди.
Шу билан бирга, ижтимоий жиҳатдан ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган тизимли ва самарали ишлар ҳақида маълумот берилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида белгиланаётган манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатиш, тиббий ва психологик кўмак бериш, бандликни таъминлашга доир масалалар хусусида тўхталиб ўтилди.
Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА