Британиялик мутахассислар жалб этилган ҳолда руҳий саломатлик хизмати ривожлантирилади

13

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ва Буюк Британиянинг “International Hospitals Group” (IHG) компанияси раҳбари Честер Кинг ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирликда ўтказилган мулоқотда руҳий саломатлик хизмати йўналишида “Халқаро стандартларга асосланган амбулатор ва стационар даволаш муассасасини ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш, хусусан, замонавий “ақлли шифохона” концепцияси, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда замонавий менежмент масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, “International Hospitals Group” Британиянинг етакчи халқаро тиббий инфратузилма компанияси ҳисобланади.

У дунёда руҳий саломатлик соҳасида халқаро стандартларга асосланган амбулатор ва стационар клиникаларни лойиҳалаштириш ҳамда барпо этиш борасида катта тажрибага эга. Ҳозирги вақтда Яқин Шарқ давлатлари, Қозоғистон ва яна қатор мамлакатларда фаол иш олиб бормоқда.

Учрашувда компания раҳбари Честер Кинг Тошкент шаҳри ҳамда пойтахт вилоятида жойлашган психиатрия ва наркология хизмати муассасаларига ташриф буюрганини таъкидлаб, Ўзбекистонда руҳий саломатлик йўналишида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади.

Муҳокама давомида юртимизда бу йўналишда тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, аҳоли учун замонавий ва самарали тиббий ёрдамни таъминлаш ҳамда британиялик мутахассисларни жалб этган ҳолда руҳий саломатлик хизматини барқарор ривожлантиришга келишиб олинди.

Шунингдек, компания раҳбари бу борада нафақат давлат, балки нодавлат тиббиёт муассасалари билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Моҳигул Қосимова,

ЎзА