Давосда Европа қатъияти: босимга қарши бирлик синови

Сўнгги кунларда Дональд Трампнинг Гренландияни ўз назоратига олиш ҳақидаги баёнотлари Европа ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирди. Бу масалада Трампнинг босим ўтказиш учун юқори бож ва тарифлар жорий этиш таҳдиди эса Европа етакчиларини очиқ қаршилик позициясида бирлаштирди.
Франция президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқи “кучлилар қонуни”га бўйсунмаслигини қатъий таъкидлади. Унинг айтишича, ҳудудий яхлитлик ва халқаро ҳуқуқ савдо босими орқали бузилмаслиги керак. Етакчи АҚШга қарши махсус иқтисодий механизм — “Anti-koersiya” инструменти (Европа давлатларига сиёсий босим ўтказган мамлакатларга қарши савдо ва молиявий чекловлар қўллаш)ни ишга тушириш ҳақида ўйлаётганини айтиб, буни “жуда хавотирли ҳолат” деб баҳолади.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен дунёдаги тезкор ва кескин ўзгаришлар Европани мустақилроқ сиёсат юритишга ундаётганини маълум қилди. У Европа энди ташқи босимларга мослашиш эмас, балки ўз манфаатларини ҳимоя қилиш йўлини танлаши кераклигини билдирди.
Бельгия бош вазири Барт Де Вевер Европа “бурилиш нуқтасида” турганини айтиб, Трампни тинчлантиришга уринишлар самара бермаганини тан олди. Унинг фикрича, агар ўз вақтида бирлашилмаса, ҳар бир давлат алоҳида-алоҳида босим остида қолади.
Швеция бош вазири ўринбосари Эбба Буш эса Трамп билан муомала қилишда хушомад ишламаслигини очиқ баён этди. У Европа эҳтимолий савдо жавоб чораларини олдиндан тайёрлаб қўйиши зарурлигини қайд этди.
Шу билан бирга, Давосда қатнашаётган айрим ишбилармонлар ва компания раҳбарлари Европа етакчиларининг жавобини ҳаддан ташқари ҳиссиётли деб баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, Трампнинг кескин услубидан қатъи назар, музокара йўли ёпилмаслиги керак.
Вазиятнинг яна бир мураккаб томони — Украина масаласи. Украина президенти Владимир Зеленский Давосдаги учрашувларда қатнашишга тайёрлигини, бироқ бу фақат АҚШ томонидан аниқ хавфсизлик кафолатлари ва низодан кейинги тикланиш режаси бўлса, мазмунли бўлишини билдирди.
Европа етакчилари яқин кунларда Брюсселда фавқулодда саммит ўтказиб, Қўшма Штатларнинг эҳтимолий тарифларига қандай жавоб бериш масаласини муҳокама қилади. Гренландия атрофидаги можаро эса тобора савдо баҳсидан кенгроқ — Европанинг сиёсий мустақиллиги ва глобал ўрни ҳақидаги масалага айланиб бормоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА