Серқирра истеъдод соҳиби 75 ёшини нишонламоқда

20

Бундан 55 йил муқаддам миллий адабиётимизга «Қассобнинг туши» деб номланган илк ҳажвий ҳикояси билан кириб келган ёш истеъдод соҳиби Муратбой Низановни бугун бутун юртимиз таниқли ёзувчи, драматург ва киносценарист сифатида яхши билади ва ҳурмат қилади.

У ижодий фаолияти давомида 70 дан ортиқ китоблар ёзган бўлиб, ўз асарлари орқали миллий адабиёт ва маданият ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Сатира жанрини чуқур эгаллаган адибнинг «Шундай ҳам бўлади,» «Кулгим келади,» «Нишон,» «Сизга бўлмайди,» «Одам кулдиргани учун,» «Ёт юртдаги етти кун,» «Ростини айтсанг уради,» «Одам ёмонласанг зеҳнинг очилади,» «Икки қонхўр,» «Хазина,» «Яқинда қизиқ бўлади,» «Оқшагул,» «Ақират уйқуси,» «Душман,» «Тутқун,» «Ошиқ бўлмаган ким бор,» «Икки ўрдакнинг тўққиз буйраги» каби ҳикоя, қисса, романлари чоп этилади. Ёзувчи қаламидан яратилган сатирик ҳикояларда кундалик ҳаётимизда тез-тез учрайдиган салбий ва кулгили ҳодисалар қизиқарли тасвирланади. Муратбой Низанов шеърият жанрида ҳам қаламини синаб кўриб 2012 йили «Сен ва мен» номли шеърлар тўпламини нашр этди.

1980 йиллардан бошлаб унинг асарлари қардош тилларда, хусусан, ўзбек, қозоқ, татар, нўғай тилларида нашр этилди.

«Икки дунёнинг иши,» «Ўлимдан уят кучли» комедиялари билан «Зийwар» мусиқали драмаси театрларимиз саҳнасида томошабинларга тақдим этилди.

Муратбай Низанов 2003-2013 йилларда қорақалпоқ киносига раҳбарлик қилиб, 10 йил ичида 8 бадиий фильм, 10 болалар учун юмористик журнал, 4 анимацион фильм ва бир қатор ҳужжатли фильмлар яратди. Ўзбекистон телевидениеси орқали узатилган ҳажвий видеофильмлари ва телеминиатюралари, «Ўзбекистон» радиоканали орқали эшиттирилган ҳажвий ҳикоялари, журналларидаги миниатюралари уни мамлакатимиз бўйлаб кенг тарғиб қилди.

«Ўзбекфилм» ва «Қорақалпоқфилм» киностудиялари томонидан 2002 йили киносценарист Муратбой Низанов муаллифлигида «Танка» комедияси суратга олинди ва у ўзбек тилига дубляж қилинди. У сўнгги йилларда киносценарист-ёзувчи сифатида «Танк,» «Ўғри,» «Курорт,» «Қайсар,» «Meҳригиё-маргиё,» «Қўрғон,» «Зийвар» ва «Ажиниёз» каби кинофильмлари билан кенг жамоатчиликка танилди. Бу фильмлар томошабинларнинг севиб томоша қиладиган фильмига айланди.

Муратбай Низановнинг ана шундай фидокорона хизматлари республика ҳукумати томонидан эътиборга олиниб, у «Дўстлик» ордени, «Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси» ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Халқимизнинг севимли фарзанди бўлган у бу йил 75 ёшга тўлиб, унинг юбилейи республикамиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Айниқса, бу қутлуғ сана адиб туғилиб камолга етган Кегейли туманида тантанали равишда нишонланди.

Адабий-ижодий кечада туман раҳбарлари, фаоллари, ёзувчининг дўстлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Кегейли тумани ҳокими Айбек Камалов иштирок этиб, юбилярни қизғин табриклаб, ёзувчининг келгуси ижодига янги-янги муваффақиятлар тилади ва туман ҳокимлигининг эсдалик совғасини топширди.

Шунингдек, кечада сўзга чиққанлар Муратбай Низановнинг бой ижодий мероси ва мазмунли ҳаёт йўли ҳақида ўзларининг ижобий фикрларини билдирди.

Ўтказилган тантанали тадбирда Муратбай Низанов сўзга чиқиб, бундай тантанали кечани ташкил этгани учун республика ҳукумати, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва туман раҳбарларига катта раҳмат айтиб, ўзи ўқиган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабига 10 жилддан иборат китобларини совға қилди.

Тадбир туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси