«Амир Темур издошлари» танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда ўз хизматини олиб бораётган ҳарбий хизматчилар ўртасида «Амир Темур издошлари» танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.
Дастлабки босқич билим синовлари бўлиб, унда «Темур тузуклари,» Амир Темур ҳаёти бўйича тест саволлари ва оғзаки савол-жавоблар бўлди. Кейинги шартда ҳарбийлар Амир Темур ҳақида маълумот берувчи баёнот қилдилар. Бунда ҳарбий хизматчи ўз фикрини аниқ, қисқа ва таъсирчан етказиши керак бўлди. Бу босқичда иштирокчиларнинг таҳлил қобилияти, одамларни ортидан эргаштира олиш маҳорати баҳоланди. Учинчи шарт чаққонлик ва аниқлик синовлари бўлиб, бу шартда камондан ўқ отиш, пичоқ улоқтириш бўйича ўзаро беллашди. Тўртинчи шарт от спорти.

– Мана бугун Соҳибқирон Амир Темур таваллуд куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ўртасида спорт ва интеллектуал билимлар бўйича «Амир Темур издошлари» танлови бўлиб ўтди. Танловда ҳарбийлар ўзларининг интеллектуал билимлари ва спорт кўникмалари билан бир қатор шартлар бўйича беллашди. Танлов қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтди, – дейди танловда иштирок этган ҳарбий хизматчи О.Шукуров.
Танлов якунланиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаган ғолиб мусобақанинг Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги