Аҳоли таклифлари очиқ мулоқотда кўриб чиқилди
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштиришдан мақсад уни халқчил стратегияга айлантиришдир. Шу боис унинг лойиҳаси regulation.gov.uz ҳамда uzbekistan2030.uz веб-сайтларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Мамлакатимиз келажагини белгилайдиган мазкур ҳужжатга ҳозиргача юртдошларимиздан 3 мингга яқин фикр ва таклифлар келиб тушди. Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа таҳлилий тузилмалар томонидан доимий ўрганиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқот сиёсатига мувофиқ, лойиҳа юзасидан таклиф йўллаган фуқаролар билан давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Навбатдаги шундай тадбир Стратегиядан ўрин олган иқтисодий-ижтимоий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ўтказилди. Таклиф йўллаган фуқаролар давлат идоралари вакиллари билан бевосита мулоқотда бўлиб, ўз таклифлари мазмунини эркин баён этди. Ҳудудларда яшайдиган фуқароларнинг фикрлари видеоалоқа орқали эшитилди.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А.Абдукадиров, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков ҳамда иқтисодий тадқиқот марказлари экспертлари таклифларни ўзаро муҳокама қилиб, қизғин фикр алмашди.
Жумладан, иқтисодиёт, тадбиркорлик, экспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, олий таълим, аҳоли бандлиги масалалари диққат марказида бўлди.
Аҳолининг асосли таклифлари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаштириш ва тўлдиришда инобатга олиниши қайд этилди.
Жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда. Унда фаол иштирок этинг, Стратегия лойиҳасига таклифларингизни йўлланг.
ЎзА