Фермерлар илғор тажрибалар билан таништирилди

Деҳқон ва фермер хўжаликларининг самарали фаолият юритиши учун мунтазам равишда тегишли мутахассислар иштирокида ўтказилаётган ўқув-семинарлар, кўргазмалар қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фермер хўжаликларининг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги махсус қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида «Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида замонавий агротехнологияларни қўллаш, ветеринария хизматларидан фойдаланишнинг аҳамияти ва иқтисодий самараси» мавзусида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари учун навбатдаги ўқув-семинари ташкил этилди.
Мазкур ўқув-семинар фермер хўжаликларининг билим ва кўникмаларини ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига илғор агротехнологияларни кенг жорий этиш, чорвачиликда ветеринария хизматларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилди.
Семинарнинг биринчи кунида Тахиатош, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Кегейли, Бўзатов, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир ва Нукус туманларидаги фермер хўжаликларининг, иккинчи куни эса Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманлари фермер хўжаликларининг вакиллари иштирок этди.
Ўқув-семинар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси А.Жуманазаров, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида ўтказилиб, унда иштирокчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда замонавий агротехнологияларни қўллаш, ресурсларни тежайдиган суғориш усуллари, чорвачиликда самарали бошқариш, ветеринария хизматларидан фойдаланишнинг иқтисодий аҳамияти, касалликларнинг олдини олиш ва ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Қайд этилганидек, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва сифати ошади, фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлиги мустаҳкамланади.
Семинарда соҳа мутахассислари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги