Талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида сўровнома ўтказилмоқда

22

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги «Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида умуммиллий сўровнома ташкил этилди.

Мазкур сўровнома талабаларнинг таълим жараёни сифати, ўқитиш методикаси, профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти, ўқув-методик таъминоти, рақамли таълим ресурсларидан фойдаланиш даражаси, баҳолаш тизими, шунингдек, университетда яратилган шароитлар бўйича фикр ва таклифларини ўрганишга қаратилди. Сўровнома жараёни очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ташкил этилиб, унда университетнинг барча факультет ва йўналишларида таҳсил олаётган талабалар фаол иштирок этди. Жумладан, талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчилар ўз фикрларини эркин билдириб, таълим сифатини янада ошириш бўйича муҳим таклифларини ўртага ташлади.

– Сўровнома натижалари таълим жараёнини талабалар эҳтиёжлари ва замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш, ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини янада ривожлантириш ва таълим хизматлари сифатини оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади, – дейди Нукус давлат техника университети таълим сифатини таъминлаш бўлими бошлиғи, доцент Аймурза Алламбергенов. – Таъкидлаш жоизки, умуммиллий сўровнома таълим тизимида талабанинг фикрини устувор аҳамиятга эга мезон сифатида эътироф этиш, уларнинг таълим жараёнидаги иштирокини кучайтириш ва олий ўқув юртлари фаолиятини мунтазам равишда такомиллаштириб боришга хизмат қилади.

Бундай сўровномалар республикамиздаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетидан ташқари, Ажиниёз номидаги НДПИ, Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Нукус давлат техника университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ва Инновацион технологиялар университетларида ўтказилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси