Хитой ва Марказий Осиё савдоси 106 миллиард доллардан ошди
2025 йил якунларига кўра, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 106,3 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12 фоизга ўсган.
Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, илк бор тарихда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 100 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, товар айирбошлаш сўнгги беш йил давомида барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда.
Қайд этилишича, ўтган йилда Хитой Марказий Осиё мамлакатлари учун энг йирик савдо ҳамкорига айланган. Хитойнинг минтақа мамлакатларига экспорти 71,2 миллиард долларга етди ва бу йиллик ҳисобда 11 фоизга ўсди. Экспорт ҳажмининг ортиши асосан электромеханик маҳсулотлар ҳамда юқори технологияли товарлар етказиб беришнинг кўпайиши билан боғлиқ.
Марказий Осиё мамлакатларидан Хитойга импорт ҳажми эса 35,1 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошди.
Шунингдек, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги трансчегаравий электрон тижорат жадал ривожланиб бормоқда. Логистика ва омбор инфратузилмасини кенгайтириш, шунингдек, трансчегаравий тўловлар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ишлари давом этмоқда.
Бу жараёнларда Ўзбекистон ҳам муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланиб, саноат кооперацияси, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ҳамда рақамли иқтисодиёт соҳаларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг минтақавий савдо тизимидаги ролини янада мустаҳкамламоқда.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, ўзаро боғлиқликни кучайтириш, ускуналар ишлаб чиқариш, экологик тоза ресурслар ва замонавий қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса минтақа мамлакатларининг саноатни модернизация қилиш ва иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватламоқда.
Хитой Савдо вазирлиги келгусида савдо тузилмасини оптималлаштириш, янги бизнес шаклларини ривожлантириш ҳамда юқори даражадаги институционал ҳамкорлик механизмларини яратишга кўмаклашишни давом эттиришини маълум қилган.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА