2030 йилгача болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 80 фоизга етказилади

27

Юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ривожлантириш, ёш авлодни салоҳиятли қилиб тарбиялаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Сўнгги 7-8 йил давомида бу йўналишда муҳим натижаларга эришилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим соҳасида тўрт мингга яқин давлат боғча бинолари реконструкция қилинди ва янгидан қурилди. Мактабгача таълим билан қамров даражаси 27 фоиздан 77 фоизга ошди.

Тизимда хусусий сектор улушини ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарасида нодавлат боғчалар сони 8 бараварга кўпайди. Болалар боғчаларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Шу ўринда айтиш лозимки, такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳам 2030 йилгача бўлган муддатда мактабгача таълим тизимига оид бир қатор устувор мақсад-вазифалар белгиланган.

Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий 2026 йилда 78 фоиз, 2027 йилда 78,5 фоиз, 2028 йилда 79 фоиз, 2029 йилда 79,5 фоиз, 2030 йилда эса 80 фоизга етказиш режаси қўйилган.

Шунингдек, 2030 йилгача болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан 100 фоиз қамраб олиш назарда тутилмоқда. Эътиборлиси, ушбу мақсадлар учун Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар, хусусий сектор, ҳомийлик ва грант маблағларини жалб этиш белгиланган.

Шу кунларда янада бойитилаётган стратегия лойиҳасида ўз аксини топаётган ушбу мақсад-вазифалар ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари учун янада қулай шароитлар яратиш, уларни замонавий таълим-тарбия жараёни билан қамраб олишда муҳим аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА