Инвестиция, экспорт ва ишонч: Янги Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг асоси

Муносабат
Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида янграган рақамлар бир қарашда оддий статистикадек туюлиши мумкин. Аммо улар ортида Янги Ўзбекистоннинг реал қиёфаси — янги иш ўринлари, янги корхоналар, кенгайиб бораётган экспорт, мустаҳкамланиб бораётган ишонч ва одамлар ҳаётида сезилаётган аниқ ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Бу рақамлар иқтисодиётимизнинг бугунги даражасини эмас, балки халқимиз қандай улкан ишларни уддалашга қодир эканини кўрсатмоқда.
Таъкидлаш лозим, бугунги кунда ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 145 миллиард доллардан ошди. Экспорт 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларга етди. Олтин-валюта захиралари 60 миллиард доллардан ошди. Хорижий инвестициялар ҳажми эса 43,1 миллиард долларга етди. Бу шунчаки “катта сонлар” эмас, балки мамлакатимиз иқтисодий сиёсати тўғри йўлдан бораётганини кўрсатадиган аниқ далиллардир.
Сир эмас, бутун дунёда вазият оғир. Транспорт йўллари узилмоқда, хомашё қимматлашмоқда. Шундай шароитда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ўсиб бораётгани, бозор ислоҳотлари, энергетикадаги туб бурилиш энг катта натижамиздир.
Кўпчилик учун суверен рейтингнинг “BB-”дан “BB” поғонасига кўтарилгани оддий янгиликдек туюлиши мумкин. Аслида эса бу жуда катта ютуқ. Чунки бу ўзгариш туфайли четдан олинадиган маблағлар арзонлашади. Фоиз ставкалари 1–1,5 пунктга пасаяди. Натижада ташқи қарз харажатлари йилига камида 300 миллион долларга камаяди. Бу – кўпроқ мактаб, кўпроқ йўл, кўпроқ шифохона, кўпроқ саноат лойиҳаси учун имконият пайдо бўлишидир.
Яна бир муҳим кўрсаткич: Жаҳон банкининг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқорилаб, дунёнинг топ-10 мамлакатлари қаторига кирди. Бугун давлат хизматлари рақамлаштирилмоқда, рухсатномалар соддалашмоқда, бюрократия камаймоқда. Инвесторлар айнан шунга қарайди: “Бу ерда иш бошлаш осонми? Қоидалар тушунарлими? Қонун ишлайдими?” Мана шу саволларга ижобий жавоблар кўпайгани сайин инвестиция оқими ҳам ортмоқда.
Энергетика соҳасидаги ўзгаришларни ҳам алоҳида таъкидласак, электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатга етди. Бу жуда муҳим. Чунки электр бўлмаса, завод ишламайди. Завод ишламаса, маҳсулот бўлмайди. Маҳсулот бўлмаса, экспорт ҳам бўлмайди. Демак, бугунги энергетика ютуқлари эртанги инвестиция ва экспортнинг пойдеворидир.
Экспортимиз 33,4 миллиард долларга етди. Лекин бундан ҳам муҳим савол бор: биз нимани экспорт қиляпмиз? Фақат хомашёни эмас, балки қайта ишланган, қўшимча қиймати юқори маҳсулотларни ҳам кўпайтиряпмизми? Келгуси босқичда айнан шу масала ҳал қилувчи бўлади. Чунки юқори қўшимча қийматли маҳсулот — бу кўпроқ даромад, кўпроқ иш ўрни ва барқарор иқтисодиёт дегани.
Мурожаатномада ташқи сиёсат масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли, дўстона ва очиқ ҳамкорлик йўли танланган. Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Европа давлатлари, Жанубий Корея, Япония, Яқин Шарқ мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Бу эса битта ёки иккита бозордан қарам бўлиб қолмаслик, иқтисодий хавфларни бартараф этиш имконини беради.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи ҳам бевосита экспорт билан боғлиқ. Бу маҳсулот сифати, савдо қоидалари, техник стандартлар ва глобал бозорларга очиқ эшик демакдир. Демак, келгуси йилларда экспортимиз нафақат ҳажман, балки сифат жиҳатдан ҳам янги босқичга чиқиши керак.
Депутат сифатида мен шундай хулосага келдим: “Бизга юқори технология олиб келадиган, маҳаллий кадрларни тайёрлайдиган, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарадиган лойиҳалар керак. Шундагина бугунги рақамлар эртага халқ фаровонлигига айланади.”
Бугунги натижалар қувонарли. Аммо эртанги натижалар шаффофликка, ҳалолликка ва қонун устуворлигига боғлиқ. Инвесторлар энг аввало адолатга ишонади. Агар қоидалар ҳаммага бир хил ишласа, агар суд мустақил бўлса, агар коррупция камайиб борса инвестиция ҳам, экспорт ҳам барқарор бўлади.
Ташқи иқтисодиёт дегани фақат савдо ёки миллиардлаб доллар эмас. Бу – оддий одамнинг ҳаёти. Бу янги иш ўрни, барқарор маош, сифатли йўл, ёруғ уй, тўкин дастурхон дегани. Қанчалик кўп инвестиция бўлса, қанчалик кучли экспорт бўлса, одамлар ҳаётида ҳам шунчалик ижобий ўзгариш бўлади.
Шу билан бирга, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича институционал ислоҳотлар ҳам чуқурлашмоқда. Ер ажратиш, рухсатнома бериш, қурилиш ва экспорт-импорт жараёнларини рақамлаштириш орқали тадбиркорлар учун маъмурий тўсиқлар сезиларли даражада камайди. Суд-ҳуқуқ тизимида иқтисодий низоларни ҳал этиш механизмларининг такомиллаштирилиши, халқаро арбитраж стандартларига яқинлашув ҳам инвесторлар учун қўшимча кафолат яратмоқда. Бу жараёнлар инвестицияларнинг фақат ҳажмини эмас, балки сифатини ҳам оширишга хизмат қилаётган муҳим омиллардан биридир.
Яна бир муҳим йўналиш – минтақавий иқтисодий интеграциянинг кучайиб бораётганидир. Қўшни давлатлар билан чегара савдоси, қўшма логистика марказлари, трансчегаравий инфратузилма лойиҳалари ташқи иқтисодий фаолиятнинг янги босқичини белгилаб бермоқда. Бу нафақат экспортни арзонлаштиради, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташқи бозорларга чиқишни ҳам осонлаштиради. Натижада ташқи иқтисодиёт эндиликда фақат марказий даражада эмас, балки ҳудудлар кесимида ҳам ривожлана бошламоқда, бу эса мамлакат иқтисодий ўсишининг янада инклюзив бўлишига хизмат қилади.
Шу маънода айтганда, Мурожаатномада келтирилган рақамлар Янги Ўзбекистоннинг фақат бугунги иқтисодий ҳолатини эмас, балки унинг эртанги тараққиёт йўлини, стратегик имкониятларини ва узоқ муддатли салоҳиятини ҳам яққол намоён этмоқда.
Энди эса олдимизда янада масъулиятли босқич турибди. Бу йўлдан орқага қайтмасдан, инвестицияларнинг сифатини ошириш, яъни юқори технологияли, экспортбоп ва маҳаллий кадрлар салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларга устуворлик беришимиз керак. Фақат шу йўл билан биз бугунги ютуқларни эртанги барқарор тараққиётга, рақамлардаги ўсишни эса халқ фаровонлигига айлантира оламиз.
Хурмет Жоллибеков,
Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги