Ўзбекистон ва Туркия: хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Ўзбекистон Республикаси делегацияси томонидан кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масаласида Туркия Республикасига ишчи ташриф амалга оширилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошчилигида мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларидан иборат делегация иштирок этди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси делегациясини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған қабул қилди.

Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида «4+4» механизми доирасида учрашув ўтказилди.
Икки томонлама муносабатларнинг энг долзарб мавзулари, минтақавий масалалар ва глобал жараёнлар, шунингдек, барқарор ривожланиш ва фаровонликни мустаҳкам хавфсизлик асосида таъминлашга қаратилган энг самарали ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпўлатов ва Туркия Республикаси Ички ишлар вазири жаноб Али Ерликая ўртасида икки томонлама учрашув ташкил этилди.

Томонлар трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тезкор ва самарали ахборот алмашиш, миграция масалалари, илғор тажриба ва замонавий усулларни жорий этиш борасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.
Кибержиноятчиликка қарши кураш масалалари кенг муҳокама қилинди. Томонлар рақамли хавф-хатарларга қарши самарали чоралар кўриш, кибержиноятларни фош этишда илғор технологиялардан фойдаланиш, рақамли криминалистика йўналишида махсус ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда бу соҳада мунтазам тажриба алмашиб бориш муҳим экани таъкидланди.
Шу билан бирга, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби халқаро миқёсдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таркибида янги ташкил этилган Криминология тадқиқот институти билан Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Жандармерияси ҳузуридаги илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида миграция жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг ўз давлатларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда бу борада ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтган мазкур ташриф Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ички ишлар органлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги қўшма саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА