“Бюрократияни бартараф этиш” дастури ишга туширилади
Одамларни қийнаб келаётган иллатлардан бири – коррупция бўлса, иккинчиси – бюрократия. Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида айнан ушбу иллатларга барҳам бериш кўзда тутилмоқда.
Ҳар биримизнинг тез-тез ишимиз тушадиган давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида бюрократияга қандай барҳам берилади?
Бу саволга Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти бошлиғи Элдор Маҳкамов жавоб берди:
– Стратегия доирасида шу пайтгача бюрократик тўсиқларни камайтириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва инсон манфаатига йўналтириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат хизматларини кўрсатишда “фуқаро эътибор марказида” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими яратилди.

Халқимиз идорама-идора юриш ва қоғозбозлик ўрнига бир жойда ишини тез ва осон битираяпти. Айни пайтда 208 туман ва шаҳарда зарур қулайликларга эга давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда. Туман ва шаҳар марказларидан 50-100 км. узоқ бўлган чекка ҳудудларда 138 филиал фаолияти йўлга қўйилган.
Соҳани халққа янада яқинлаштириш, давлатимиз раҳбари қўяётган вазифаларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида “Бюрократияни бартараф этиш”дастури ишга туширилади.
Дастур, энг аввало, давлат ва аҳоли, давлат ва бизнес ҳамда давлат тузилмасининг ички муносабатларида бюрократияни бартараф этиш, ҳар томонлама қулай давлат хизматлари экотизимини яратишга қаратилган.
Келгуси 3 йилда барча хизматлар ягона дарча тамойили асосида қамраб олинади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сони 900 тага етказилади.
Жорий йилнинг ўзида 250 хизмат электрон шаклга ўтказилади. Масалан, автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш каби хизматлардан электрон фойдаланиш йўлга қўйилади.
Проактив ва композит хизматлар кўрсатиш доираси янада кенгаяди. Бу орқали фуқаро мурожаат қилмасдан унга хизмат кўрсатиладиган тизимга ўтилади.
Барча давлат хизматлари хатловдан тўлиқ ўтказилади. Бунда бир-бирини такрорловчи, кераксиз, фуқароларга юк бўлаётган талаблар бекор қилинади. Лицензия ва рухсатномалар бериш, коммунал тармоқларга уланиш, қурилиш соҳасида 300 дан ортиқ давлат хизмати соддалаштирилади.
Хизмат кўрсатиш муддатлари кескин қисқартирилади ҳамда ортиқча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиш бекор қилинади. Жорий йилда юздан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари 50 фоизга қисқаради ҳамда 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжат талаб қилиш тўлиқ бекор қилинади.
Давлат хизматлари портали, “Лицензия” тизими, “Ягона дарча” божхона платформаси ва “Колл-марказ”лар тўлиқ сунъий интеллект асосида ишлашга ўтади.
Давлат ташкилотларининг рейтингини юритиш йўлга қўйилмоқда. Уларнинг фаолияти хизматларни рақамлаштиргани, қонун бузилишларга йўл қўйилмаётгани ва фуқароларнинг қониқиш даражасидан келиб чиқиб баҳоланади.
Чекка ҳудудларда аҳолининг онлайн хизматлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида 1 мингдан ортиқ инфокиоскларни аҳоли гавжум ва узоқ маҳаллаларга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Идоралараро тўлиқ интеграция йўлга қўйилади. Фуқаро бирор маълумотни давлатга олиб бориши шарт эмас – идоралар бу маълумотни бир-биридан электрон тарзда олишга одатланади.
Хизматларни рақамли кузатиш имконияти яратилади. Фуқаро ҳар бир хизмат босқичини онлайн кўра олади. Инсон омили эса минималлаштирилади. Функциялар 30 фоизгача қисқартирилади ҳамда тизимдаги ортиқча юклардан халос бўлинади.
Давлат органлари фаолиятидаги бюрократиянинг асосий сабабларидан бири, такрорланувчи ва замонга мос бўлмаган функциялардир. Энди аҳамиятини йўқотган, амалда фойда бермайдиган, хусусий сектор бажариши мумкин бўлган функциялар тўлиқ бекор қилинади. Давлат органларининг барча функциялари қадамма-қадам таҳлил қилинади ва оптималлаштириш бўйича асосли таклифлар тайёрланади.
Вақт сарфи 50 фоизгача қисқартирилади – фуқаро учун реал енгиллик яратилади. Буни амалга ошириш учун бошқарувдаги ортиқча босқичлар бартараф этилади. Талаб қилинадиган ҳужжатлар минималлаштирилади, платформалар ўзаро интеграция қилинади, жараёнлар рақамлаштирилади.
Ушбу чоралар давлат хизмати олишни оддий, тез ва инсонпарвар жараёнга айлантиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА