«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон»: аҳолининг газга бўлган талаби қондирилмоқда

24


Ҳозирги қишнинг совуқ кунларида хонадонлардаги иситиш тизимлари тўлиқ ишлаб туриши учун аҳолининг газга бўлган талаби ортмоқда.

Республикамиздаги шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари томонидан бугунги кунда жами 390211 хусусий хонадон тўлиқ равишда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланган. Шундан, 290001 та хонадон (74,3%) табиий, 100210 та хонадон (25,7%) суюлтирилган газ билан таъминланган.

Бундан ташқари, республикамиз бўйича табиий газ билан таъминланган жами 6021 улгуржи истеъмолчи бор. Жумладан, 138 таси ишлаб чиқариш корхонаси, 133 таси автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), 849 таси аҳолига хизмат кўрсатиш муассасалари (бюджет муассасалари) ва 4901 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир.

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали Эксплуатация бўлими бошлиғи Артиқбой Жиемуратов билан суҳбатлашиб, аҳолининг газга бўлган талабини қондириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида қизиқтирган саволларимизга жавоб олдик.

– Аввало, ҳаракатдаги газ тармоқлари, газ тақсимлаш пунктлари ҳақида маълумот берсангиз.

– Сўнгги йилларда халқимизни газ билан таъминлашни яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, газ тармоқларини модернизация қилиш, истеъмолчилар муаммоларини бартараф этиш, мавжуд инфратузилмани таъмирлаш, шунингдек, энергияни тежаш ва газ ресурсларидан оқилона фойдаланишни оширишга қаратилган давлат дастурлари ва қарорларига асосан ушбу чора-тадбирлар газ таъминотида узилишлар ва носозликларни камайтиришга, аҳоли ва корхоналарнинг узлуксиз газ олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган.

Хусусан, инфратузилмани модернизация қилишда эскирган газ қувурларини алмаштириш, янги магистраль ва тақсимлаш тармоқларини қуриш, газ тақсимлаш станцияларини модернизация қилиш, технологик янгиланишда газ босимини назорат қилиш ва бошқаришнинг автоматик тизимларини жорий этиш, босимни кўтаришда газ босими паст тушадиган ҳудудларда насос станцияларини ўрнатиш ва газ босимини кўтариш чоралари кўрилмоқда. Муаммоли жойлар аниқланиб, мутахассислар томонидан тезкор таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳисоблагичларни ўрнатиш ва назорат ишлари ҳам шунга киради. Бу ишлар истеъмолчиларнинг газ таъминотидан қониқишини оширишга ва энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган жами 9847,7 километрлик газ тармоқлари мавжуд. Шундан 605,6 километр қисми юқори, 3739,1 километр қисми ўрта ва 5503,0 километр қисми паст босимли газ тармоқларидир. Газ тармоқларининг 885,4 километрлик қисми ер остида, 8962,3 километрлик қисми эса ер устида жойлашган.

Шунингдек, ҳаракатда жами 3452 дона газ тақсимлаш пункти (ГТП) мавжуд. Шундан 268 таси юқори, 3184 таси ўрта босимли ва 215 таси газ тармоқлари чиришининг олдини олувчи электрокимёвий ҳимоя (ЭХҲ) ускуналари билан ишлаб турибди.

Ҳаракатдаги жами 9847,7 километрлик газ тармоқларининг 387,8 километрлик қисми 10 йилгача, 1475,3 километрлик қисми 10 йилдан 20 йилгача, 7984,6 километрлик қисми 20 йилдан 30 йил ва ундан кўп вақтдан бери хизмат кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари жами 3452 дона ГТПдан 195 донаси 10 йилгача, 348 донаси 10 йилдан 20 йилгача, 2909 донаси 20 йилдан 30 йил ва ундан кўп вақтдан бери хизмат кўрсатиб келмоқда.

– Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашни яхшилаш учун газ тармоқларида таъмирлаш ишлари қандай амалга оширилмоқда?

– Табиий газ истеъмолчиларига шаҳар ва туманлардаги 53 та газ тақсимлаш станцияси ва 22 та саноат коллектори орқали табиий газ етказиб берилади.

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларида газ тармоқларини 2025-2026-йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича режа ишлаб чиқилиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, газ тармоқларини реконструкция қилиш режа бўйича 67,6 километр этиб белгиланиб, бугунги кунга қадар 69,2 километрлик қисми (102,6%) бажарилди.

2025 йилнинг биринчи мавсумида «Ташаббусли бюджет» асосида 19,3 километрлик газ тармоқларида реконструкция ишлари олиб борилди.

Бундан ташқари, «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали ўзининг ички имкониятларидан келиб чиқиб, шаҳар ва туманларда 90,1 километрлик газ тармоқларида кичик таъмирлаш ишларини олиб борди. Жами 178,6 километрлик газ тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Режа бўйича 3568 та газ тақсимлаш пунктларини (ГТП) текширувдан ўтказиш белгиланиб, бу режа ҳам тўлиқ бажарилди. Юқори босимли газ тақсимлаш пунктларини (ГТП) капитал таъмирлаш режаси 25 та этиб белгиланиб, тўлиқ бажарилди.

Шунингдек, газ тармоқларининг чидамлилигини ҳаво босими ёрдамида зичликка синаш ва тозалаш режаси (839,5 км) 102,8 фоизга бажарилди. Ер ости газ тармоқларининг ҳолатини махсус ускуналар ёрдамида текшириш (прибор) режаси (899,2 км) 101,6 фоизга бажарилди. Газ тармоқларининг эстетик кўринишини яхшилаш (бўяш) режаси 623,7 километр этиб белгиланиб, амалда 656,9 километрлик (105,3%) газ тармоқларини бўяш ишлари олиб борилди. Натижада, республикамиздаги 42 та фуқаролар йиғинида яшовчи 43300 та хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланди.



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йилда режа асосида 26 026 та хонадон газ таъминотининг 3 босқичли тизимидан 2 босқичли тизимига ўтказилди. Натижада 519 ГТП қайта монтаж қилиниб 1868400 м3 табиий газни технологик йўқотишларнинг олди олинди. Бугунги кунда бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.

– Газ тармоқлари етиб бормаган олис аҳоли пунктларини суюлтирилган газ билан таъминлаш қандай амалга оширилмоқда?

– Бугунги кунда аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун мавжуд имкониятлар ишга солиниб, жами 100603 та хонадон ва 124 та мактабгача таълим ташкилоти (боғча) суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.

Суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2025 йил бошидан 176808 тонна газ фонди ажратилган бўлиб, газни қайта ишлаш заводларидан 17035 тонна ташиб олинди. Хусусий хўжаликларнинг ўз талабига мувофиқ 16427 тонна газ миқдори хўжаликларга тарқатилди.

Республикамиздаги шахсий хўжаликларга суюлтирилган газни етказиб бериш учун айланма ҳаракатда 147433 дона газ баллон идишлар мавжуд.

Бугунги кунда корхонанинг марказий омборида 415, туман газ ҳудудлари омборларида 2169, жами 2584 газ баллон идишлари мавжуд.

Республикамиздаги суюлтирилган газдан фойдаланувчи хусусий хўжаликларнинг барчасига E-gaz онлайн дастуридан ID карталар орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган.

Филиалга қарашли бўлинмалар махсус газ баллонларни ташувчи 27 дона Isuzu русумли автотранспортга эга. Улар ўз навбатида туманлар ҳудудида жойлашган олис қишлоқларга суюлтирилган газ баллонларини етказиб бермоқда.

Суюлтирилган газлар газ тўлдириш станцияси ва газ қуйиш шохобчаларига нефть ва газни қайта ишлаш корхоналаридан 6 дона MAN русумли махсус автосистерналарда ташиб келтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига кўра куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 8788 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш белгиланган.

Суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида газ тўлдириш станциялари ва пунктлари дислокация бўйича ҳудудларга бўлинган. Хусусан, Чимбой газ тўлдириш пункти Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларини суюлтирилган газ билан таъминлайди, Қўнғирот туманида жойлашган газ тўлдириш пункти Қўнғирот, Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл туманларини таъминлайди. Марказий туманларни эса Нукус газ тўлдириш станцияси, жанубий туманларни Амударё ва Беруний туманларида жойлашган газ тўлдириш пунктлари таъминлайди.

Истеъмолчиларнинг газ баллонлардан хавфсиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида филиалимизга тегишли газ тўлдириш станцияси ва газ тўлдириш пунктларида газ баллонларни синаш ва техник кўрикдан ўтказиш лабораториялари фаолият кўрсатиб турибди.

Суҳбатлашган: А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги