Ўзбекистон – Хитой: паралимпия ва адаптив спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарияти Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида Хитой Ногиронлар федерацияси раиси Чен Кай билан учрашув ўтказди.
Агентлик матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, учрашувда 2024 йилнинг май ва июль ойларида амалга оширилган ўзаро ташрифлар, имзоланган англашув меморандуми, шунингдек, ҳозирда ишлаб чиқилаётган ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Мулоқот давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни амалиётга жорий этиш, Федерациянинг турли йўналишларда ёрдам кўрсатувчи ягона мувофиқлаштирувчи орган сифатидаги фаолиятини чуқур ўрганиш ҳамда ушбу тажрибани Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни фаол ҳаётга жалб этиш, уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилишга қаратилган дастурларни амалга ошириш, «инклюзив муҳит» тамойилларини шакллантириш ва кенг жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Ҳамкорликни ҳудудлараро даражага олиб чиқиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос эҳтиёж ва имкониятларини инобатга олган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, аҳоли учун ёрдамчи (ассистив) қурилмаларни ишлаб чиқариш, параолимпия ва адаптив спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА