2025 йилда пул массаси 36 фоизга ошди

25

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил якунига келиб кенг маънодаги пул массаси (M2) барқарор ўсишни сақлаб қолди. Хусусан, йил бошида 277,1 триллион сўмни ташкил этган M2 ҳажми йил охирига келиб 378,6 триллион сўмга етди. Натижада йиллик ҳисобда 36,6 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Шу билан бирга, миллий валютадаги пул массаси ҳам кенгайиб, 220,1 триллион сўмдан 309 триллион сўмгача ошди. Муомаладаги нақд пуллар ҳажми 2025 йил давомида барқарор ўсиб, 53,3 триллион сўмдан 68,5 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткич йиллик ҳисобда 28,5 фоизлик ўсишни ташкил қилди.

Йил бошига нисбатан миллий валютадаги депозитлар ҳажми 24,9 фоизга, миллий валютадаги бошқа депозитлар 55,4 фоизга ўсди. Шунингдек, чет эл валютасидаги депозитлар ҳажми ҳам миллий валюта эквивалентида ҳисоблаганда 22,1 фоизга ошган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, пул массаси (M2) — иқтисодиётдаги пул ликвидлигининг муҳим кўрсаткичи. У нақд пуллар ҳамда банклардаги талаб қилиб олинадиган ва бошқа депозитлар ҳисобидан ташкил топади. Пул массасининг кўпайиши иқтисодий фаолликнинг ортиши, аҳоли даромадларининг ўсиши ва молиявий бозорлардаги ликвидликнинг ошиши билан боғлиқ.

Ш.Маматуропова,

ЎзА