“Ўзбекнефтгаз” ва “Schlumberger” рақамлаштириш ва инновацияда шерикликни мустаҳкамлайди
Замонавий технологияларни татбиқ этиш нафақат мамлакат нефть-газ соҳасининг самарадорлигини ошириш, балки инвестиция ва инновация имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва халқаро нуфузли компаниялар ўртасидаги стратегик учрашувлар мунтазам ташкил этилиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва рақамли ечимларни жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг Америка Қўшма Штатларининг “Schlumberger” (SLB) компанияси Осиё-Тинч океани ҳудуди бўйича президенти билан ўтказган учрашувида ҳам шу ҳақда сўз борди. Унда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ҳамда нефть-газ соҳаси истиқболларига эътибор қаратди.
Мулоқот давомида улар илғор технологияларни жорий этиш, нефть-газ операцияларининг самарадорлигини ошириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ҳамда разведка, ишлаб чиқиш ва конларни бошқаришнинг барча босқичларида инновацион ечимларни татбиқ этишга қаратилган стратегик шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Шунингдек, Устюрт минтақасидаги конларни комплекс бошқаришга қаратилган “Конларни бошқариш тизими” (Field Management Application) лойиҳасини амалга ошириш натижалари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида эришилган ютуқлар қайд этилиб, мавжуд ишчи масалалар ва унинг кейинги босқичларини амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди.
Учрашув давомида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар якунига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва SLB компанияси рақамли ечимлар, конларни бошқариш ва инновацион технологияларни жорий этиш соҳаларида стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга тайёр эканликларини қайд этди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА