Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги: Уйда парвариш ва реабилитация соҳасида тажриба алмашилди

60

Айни пайтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Мазкур ташриф доирасида Агентлик делегацияси «New Frontier Group» компаниясининг бош директори ҳамда ҳаммуассиси Карл У билан учрашув ўтказди.

Қайд этиш лозимки, «New Frontier Group» Хитойдаги энг йирик интеграциялашган соғлиқни сақлаш ва реабилитация тизимларидан бири бўлиб, инсоннинг бутун ҳаёт цикли давомида хизмат кўрсатади.

Мулоқот жараёнида реабилитация марказларини самарали бошқариш учун замонавий бошқарув моделларини жорий этиш,  тиббий-ижтимоий реабилитация стандартларини ишлаб чиқишда халқаро экспертларни жалб қилиш, уйда хизмат кўрсатиш амалиётининг самарадорлиги, жумладан қайта госпитализацияларни қисқартириш ва хизматлар қийматини камайтириш орқали аҳоли учун хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот  ўрнида таъкидлаш лозимки, «New Frontier Group» компанияси таркибига 11 та халқаро кўп тармоқли ва ихтисослашган шифохона, 5 та интеграциялашган онкология маркази, 27 та шифохона ва тиббиёт маркази, 22 та реабилитация шифохонаси, 7 та болалар реабилитация маркази киради. Ушбу тармоқ 40 дан ортиқ шаҳарни қамраб олган бўлиб, 77 минг нафарга яқин беморга уйда парвариш хизматлари кўрсатилмоқда.

Шунингдек, Агентлик делегацияси томонидан United Family Healthcare (UFH) муассасасига ташриф амалга оширилиб, реабилитация хизматларини кўрсатиш бўйича амалий тажриба, айниқса паллиатив хизматлар йўналишидаги ишлар ўрганилди.

Томонлар ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда доимий  парваришга муҳтож аҳоли учун реабилитация хизматлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган таҳлил ва комплекс тадқиқот ўтказиш бўйича келишувга эришди.

Муҳайё Тошқораева,ЎзА