Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси тарихи музейи ташкил этилди

Прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни узлуксиз олиб борилишини таъминлаш, прокуратура ходимларининг маънавий интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси тарихи музейи янгидан ташкил этилди.
Бугун, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов, фахрийлар, кенг жамоатчилик, Республика прокуратураси ходимлари, туман (шаҳар) ва уларга тенглаштирилган прокурорлар иштирокида музей фойдаланишга топширилди.
Музей инновацион технологиялар асосида кенгайтирилиб, ноёб экспонатлар билан бойитилган, жумладан, қатағонга учраган прокуратура ходимларининг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи расм ва экспонатлар, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва барча ҳудудий прокуратураларнинг тарихи ва фаолияти билан боғлиқ расмларнинг электрон платформаси, прокуратура органларининг шаклланиш тарихини ёритиб берувчи видео ролик шулар жумласидандир.
Айниқса, Қорақалпоғистоннинг кеча ва бугуни, бойликлари ва сиёсий майдондаги ўрни, Янги Ўзбекистонда янгиланаётган юрт тимсоллари тасвирларган девор барельефи барчада бирдек қизиқиш уйғотди.

Шу билан бирга, тадбир давомида 4 мингга яқин адабиётларни ўз ичига олган, ватанпарварлик ва адолатни тарғиб қилувчи улуғ шоир ва мутаффаккирларнинг ижодлари билан безатилган кутубхона ҳам шу куни фойдаланишга топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги