Нега кўп қаватли уйларда яшайдиганлардан ҳам қишлоқ хўжалиги бор-йўқлиги сўралмоқда?

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш доирасида фуқаролар томонидан онлайн саволномани тўлдириш билан боғлиқ турли саволлар келиб тушмоқда.
Миллий статистика қўмитаси томонидан аҳолидан энг кўп келиб тушаётган саволлар асосида расмий изоҳ ва тушунтиришлар тақдим этиб борилмоқда.
Хусусан:
— Нега шаҳарда кўп қаватли уйларда яшайдиганлардан ҳам саволномада қишлоқ хўжалиги бор ёки йўқлиги сўралмоқда?
— Айрим фуқароларда шаҳарда яшашига қарамай, қўшимча равишда ер ёки қишлоқ хўжалиги фаолияти мавжуд бўлиши мумкин. Шу сабабли саволлар амалдаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда тўлдирилади.
— Кўча ёки маҳалла рўйхатда чиқмаяпти. Нима қилса бўлади?
— Бу ҳолатда катта эҳтимол билан маҳалла танланишидан олдин аҳоли пункти, яъни шаҳар, шаҳарча, қишлоқ аҳоли пункти белгиланмаган. Аввал аҳоли пунктини танлаб, сўнг маҳалла ёки кўча номини излаш лозим. Агар мавжуд бўлмаса, қўлда киритиш имконияти мавжуд.
— Нега рўйхатга олиш саволномасида уй-жой ва кўчмас мулкка оид уй нимадан қурилгани, унинг ҳолати ва бошқа жиҳатлар бўйича саволлар кўп?
— Халқаро амалиётга кўра, аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш тадбирлари биргаликда ўтказилади. Ўзбекистонда эса бундай кенг қамровли аҳолини рўйхатга олиш тадбири сўнгги 37 йил давомида ўтказилмаган. Шу боис, саволномага уй-жой фондига оид саволлар ҳам киритилган. Саволномадаги мазкур саволлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари асосида, шунингдек халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган.
Айнан ушбу маълумотлар асосида келгусида уй-жой сиёсатини шакллантириш, инфратузилмани ривожлантириш ва коммунал хизматлар сифатини яхшилаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинади. Шу сабабли саволлар сони бироз кўп бўлиши келажакда аниқ ва ишончли статистика шакллантириш учун зарур.
— Нега сертификатда 4–28 февраль кунлари қайта рўйхатдан ўтказилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бор?
— Саволномани тўлдириш жараёнида айрим саволларга ноаниқ, тўлиқ бўлмаган ёки ўзаро зид жавоблар киритилган тақдирда маълумотларни аниқлаштириш зарурати юзага келиши мумкин. Шунингдек, баъзи ҳолларда саволнома шошма-шошарлик билан ёки фақат сертификат олиш мақсадида тўлиқ тўлдирилмасдан юборилиши эҳтимоли мавжуд.
Рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотлар туман, шаҳар ва вилоятлар кесимида ижтимоий-иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис маълумотларнинг аниқ ва ишончли бўлиши алоҳида аҳамиятга эга.
— Мен ижарада яшайман. Яқинда ижарачи менга телефон қилиб, ушбу манзилдан рўйхатдан ўтманг деб телефон қилди. Шунда мен доимий яшаш жойимдан рўйхатдан ўтаманми?
— Агар сиз ижарада яшаётган бўлсангиз, аҳоли рўйхатидан айни пайтда яшаб турган, яъни ижарадаги манзилингиз бўйича ўтишингиз керак.
Ижарачининг “бу манзилдан рўйхатдан ўтманг” дегани рўйхатга олиш талабларини бекор қилмайди. Шахс реал қаерда яшаётган бўлса, ўша манзил бўйича ҳисобга олинади — мулк кимга тегишли экани муҳим эмас.
Бу ҳудудда ҳақиқий аҳоли сонини, ижтимоий инфратузилмага бўлган реал эҳтиёжни (мактаб, боғча, шифохона, транспорт) аниқлаш учун зарур.
М.Комилова, ЎзА