Таълим инфратузилмасини ривожлантириш: халқаро ҳамкорлик амалда

7

Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган «Иқтисодий ўсиш учун мактаб таълимини трансформация қилиш» лойиҳаси доирасида 17-20 январь кунлари Жаҳон банки вакиллари ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул ходимлари Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди.

17 январь куни меҳмонлар Мўйноқ туманида бўлиб, 1-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларга яратилган шароитлар, моддий-техник база ва таълим-тарбия жараёни, шунингдек, 2025 йил Инвестиция дастури доирасида қўшимча ўқув биноси қурилган 1-сонли ихтисослаштирилган мактабдаги шароитлар билан танишди. Ташрифнинг иккинчи куни эса улар Нукус шаҳри Обод макон МФЙ ҳудудидаги қуввати 1650 ўринга мўлжалланган янги мактабнинг қурилиши режалаштирилган 1,4 гектар ер майдонининг коммуникация тармоқларига уланиш ҳолати, Чимбой гузари МФЙ ҳудудида жойлашган 49-сонли умумий ўрта таълим мактабидаги яратилган шароитларни яқиндан ўрганди.

19 январь куни Нукус шаҳри Янгибозор МФЙ ҳудудида жорий йилда янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган 870 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 55-сонли умумий ўрта таълим мактабининг замонавий таълим муҳити ва моддий-техник базаси билан танишди.

Шу куни меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Утемуратов билан учрашиб, янги мактабларнинг қурилиши, жойлашган ер майдонлари, техник талаблар ва лойиҳа жараёнларига оид долзарб масалаларни кенг тарзда муҳокама қилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси