Илм ва амалиёт уйғунлиги: янги техникаға бағишланган семинар

18

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида замонавий пахта териш машиналарини янада яқиндан таништиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Фарғона вилоятида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда замонавий пахта териш машиналарини ишлаб чиқараётган «Fergana Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co» МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган «SWAN 4MZ-4» маркали пахта териш машиналари билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилиб, унга Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Халимбетов, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, «Ўзагролизинг» АЖ Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессор-ўқитувчилари, «Fergana Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co» МЧЖ корхонаси вакиллари, туман ҳокимликларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, агроинспекция мутахассислари, кластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг раҳбарлари қатнашди.

Семинар давомида ушбу янги пахта териш машинасининг техник имкониятлари, самарадорлиги, меҳнат унумдорлигини оширишдаги аҳамияти ва амалий қўллаш тажрибалари ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан тўлиқ жавоблар берилди.

Семинар якунида замонавий техникаларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш, фермер ва кластерлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Анвар Жуманазаров иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги