Маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун масофавий солиқ текшируви ўтказилади
Рақамли маркировкалаш тизими самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу борадаги қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, лойиҳа билан “масофавий солиқ текшируви” тушунчасига аниқлик киритилиб, мазкур текширувни ўтказиш тартиби соддалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича масофавий солиқ текширувини солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан, ҳуқуқбузарлик юзасидан икки марта огоҳлантириш берилганидан сўнг ўтказиш кўзда тутилмоқда. Яъни, агар ҳуқуқбузарлик солиқ органларининг ахборот тизимлари орқали аниқланиб, расмий огоҳлантиришдан кейин ҳам давом этса, масофавий текширув ташкил этилиб, далолатнома асосида белгиланган миқдорларда жарима қўлланади. Тадбиркорлик субъекти солиқ текшируви ҳақида 10 кун олдин хабардор қилинади. Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича қарор қабул қилиш жараёнларини тезкор ташкил этиш қонуний асосда белгиланмоқда.

Амалиётда айрим шахслар томонидан маркировкалаш қоидаларини четлаб ўтиш орқали ноқонуний даромад олиш мақсадида аҳолига сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотларни, жумладан спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, салқин ичимликлар ва бошқа товарларни реализация қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси айнан шундай ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда инсофли солиқ тўловчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи омилларни бартараф этишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида солиқ назоратини амалга оширишда замонавий ёндашувларни жорий этиш, ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилган профилактика механизмлари назарда тутилган.
Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар хуфиёна айланма ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА