“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: Таълим тизимини такомиллаштириш – устувор вазифа
“Тараққиёт стратегияси” марказида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Таълим тизимини такомиллаштириш: мақсад ва вазифалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков ҳозирги кунда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштиришга сабаб бўлган омил ва масалалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ҳамда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Бугунги кунда жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги тебранишлар, саноат ва технологияларнинг кескин ривожланиши, энергия бозорларидаги трансформация, глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши Ўзбекистондан ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигида муҳим аҳамият касб этиши ҳамда лойиҳанинг муҳокамасида кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки белгиланаётган вазифаларнинг янада мукаммал ва халқчил бўлишини таъминлайди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам такомиллашаётган “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасида кўрсатилган, ўз йўналишларига тааллуқли вазифалар ҳамда белгиланган кўрсатгичлар ҳақида тушунтириш берди.
Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария гигиена инфратузилмаси билан 100 фоиз таъминлаш, таълим ташкилотларига ҳар йили 600 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган умумий ўрта таълим муассасалари улушини 100 фоизга етказиш, эҳтиёж юқори бўлган йўналишлар ва олис ҳудудлардаги абитуриентлар учун педагогик таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тайёрланган кадрлар улушини 17 фоизга етказиш вазифалари юзасидан батафсил маълумот берди.
Шу билан бирга, ўрта махсус таълим ва олий таълим тизимида янги услубларни жорий этиш орқали таълим самарадорлигини ошириш йўналишида касбий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва моддий-техника базасини такомиллаштириш кўрсаткичини 70 фоизга етказиш, 14 та ҳудудий илғор касбий маҳорат техникумларини ва “Касблар шаҳарчаси”ни ташкил этиш, битирувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиши ва 1-3 йил давомида мутахассислиги бўйича ишлаш кўрсаткичини 70 фоизга етказиш, олий таълим ташкилотларининг халқаро аккредитaциядан ўтган таълим дастурларини 200 тага етказиш, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган фундаментал тадқиқот лойиҳалари сонини 400 тага етказиш, илм-фан соҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоиз миқдоригача ошириш каби назарда тутилган кўрсаткичлар ўзининг нақадар катта аҳамият касб этишини тушунтириб ўтди.
Ўз навбатида матбуот анжумани якунида журналистлар қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
ЎзА