Мўйноқ кўчасида комплекс таъмирлаш ишлари давом этмоқда

27

Мўйноқ туманида аҳолининг қулай ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Мўйноқ кўчаси бўйлаб замонавий талабларга жавоб берадиган пиёдалар йўлаги қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шу билан бирга, кўча ҳудудида тунги ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2025 йил давомида Мўйноқ кўчасида йўл инфратузилмасини тубдан яхшилашга қаратилган ишлар тўлиқ якунланиб, кўча бўйлаб сифатли қора қопламали асфальт ётқизиш ишлари муваффақиятли бажарилди. Бу ишлар натижасида кўчанинг ҳаракатланиш қулайлиги ва кўриниши сезиларли даражада яхшиланди.

Амалга оширилаётган бу лойиҳалар Мўйноқ туманининг замонавий қиёфасини шакллантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ҳудудни янада обод ва файзли масканга айлантиришга хизмат қилмоқда.

Бу кенг кўламли ишлардан кўзланган мақсад – транспорт инфратузилмасини янгилаш, аҳолининг кундалик ҳаётини яхшилаш, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий фаолликни оширишдир.

                                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги