Нефть ва энергия саноати учун истиқболли катализатор технологияси яратилди
Халқаро олимлар гуруҳи молибден карбиди асосида янги катализатор яратди. У оғир нефть фракциялари ва ишлатилган маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнини бир неча баробар тезлаштириб, энергия сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Технология катализаторларнинг ишлаб чиқариш мураккаблиги ва қимматбаҳо металлар талаб қилиш муаммосини ҳам ҳал қилади. Ишлатилган авиация мойинини қайта ишлаш бўйича тажрибаларда молибден карбидининг нано кукуни юқори самарадорлик кўрсатди. У ҳароратга қараб мураккаб углеводородларнинг термик парчаланиш тезлигини 639 фоизгача оширган ва жараённинг активатсия энергиясини 25 фоизга камайтирган.
Шу билан бирга, катализатор нафақат нефть маҳсулотларини қайта ишлашда, балки олтингугуртни йўқотиш реакциялари, аммиак синтези, метанни қайта ишлаш ва водород ишлаб чиқариш каби жараёнларда ҳам самарали қўлланилиши мумкин.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу технология нафақат нефть-кимё, балки энергетика ва аэрокосмик саноатда ҳам кенг қўлланиш учун истиқболли ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА