“Ўзбекистон – 2030”: ҳар бир инсон ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига шароит яратилади

46

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу йўналишда белгиланган вазифалар доирасида мактабгача таълим тизими янги босқичга олиб чиқилади. Умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастури амалга оширилади. Профессионал таълим ривожлантирилади. Олий таълим билан қамровни ошириш билан бирга педагог кадрлар мақоми оширилади.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз борди. Иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларида амалий тадқиқотларни кучайтириш ва “корхона – олий таълим муассасаси – илмий ташкилот” ҳамкорлик тизимини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2030 йилга келиб умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, юрак қон-томир касалликларидан эрта ўлимни (30-69 ёш) 27 фоизгача камайтириш, саратон касаллигидан эрта (30-69 ёш) ўлимни 5,2 фоизгача камайтириш мақсад қилинмоқда.

Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш мақсадида юрак қон-томир, хавфли ўсма, қандли диабет, сил касалликлари ташхиси қўйилган беморларнинг 50 фоизини профилактик кўрикларда аниқлашни йўлга қўйиш, даволаш муассасаларига поликлиника электрон йўлланмаси орқали борган беморлар улушини 70 фоизга етказиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда стратегия ижросини таъминлашда депутатлар ҳамда жамоатчилик назорати зарурлиги қайд этилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА