Боғчаларда француз тилини ўргатиш йўлга қўйилмоқда

Францияда бўлиб ўтган Халқаро Франкофония ташкилотининг 19-саммити доирасида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва «Kokoro Lingua» компанияси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, шу асосда Нукус шаҳри 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида «Kokoro Lingua» инновацион француз тилини ўрганиш платформасидан самарали фойдаланиш» мавзусида республика семинари ташкил этилди.
Семинарда «Kokoro Lingua» компанияси асосчиси Натҳалиэ Лесселин, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Муҳаббат Шлимбетова, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Мактабгача таълимни мувофиқлаштириш департаменти мутахассиси Баҳромжон Эрматов, шунингдек, республикамиздаги барча туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари мутахассислари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари иштирок этди.
Меморандум доирасида Тошкент шаҳридаги 12 та давлат мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларда инновацион «Kokoro Lingua» платформасига жойлаштирилган 10 та видеодарс орқали болаларга француз тили бепул ўргатилмоқда.
– Видеодарсларнинг болалар ёшига мослиги, қизиқарлилиги ва самарадорлиги ижобий натижалар бераётгани сабабли, ушбу тажрибани мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этиш режалаштирилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Муҳаббат Шлимбетова. – Хусусан, 2026 йил январь ойидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги 24 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг 71 та катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида «Kokoro Lingua» инновацион платформаси орқали француз тилини ўргатиш йўлга қўйилади.


Ўтказилган семинарда «Kokoro Lingua» компанияси асосчиси Натали Лесселин мутахассисларга «Kokoro Lingua» платформасига жойлаштирилган 10 та видеодарс ва уни болаларга тушунтириш усуллари ҳақида кенг тушунчалар берди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси