Сенат: давлат бошқарувида самарадорлик ва ҳисобдорлик таъминланади

10

Олий Мажлис Сенатида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари раислари ҳамда ҳокимлар учун ўқув семинарлари ўз ишини бошлади.

Тадбирнинг очилишида Сенат Раиси Танзила Норбоева  янги конституциявий шароитда ижро ва вакиллик ҳокимияти олдида турган устувор вазифаларга тўхталди.

“Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили жамиятда очиқликни таъминлаш, халқ манфаатларига хизмат қиладиган ишлар самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Зотан, ислоҳотлардан асосий мақсад – ижро ва вакиллик ҳокимиятининг янги институционал моделини яратиш, давлат бошқарувида самарадорлик ва ҳисобдорликни таъминлашдир.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган “ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантириш” ғояси Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий фалсафаси экани таъкидланди.

Президент томонидан белгилаб берилган олтита устувор йўналишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятидаги асосий вазифаларга эътибор қаратилди.

Мазкур вазифаларнинг барчаси туман ва шаҳарлар кесимида халқ манфаатлари йўлида адолатли қарорлар қабул қилиш, масъулиятли ёндашувни намоён этиш ва амалий натижаларга эришишни талаб этади.

Мазкур ўқув семинарлари ҳудудларнинг қамрови ва иштирокчилар сонини инобатга олган ҳолда тўртта гуруҳга бўлиб ташкил этилган.

Жумладан, биринчи гуруҳ тингловчилари учун машғулотлар 19-21 январь кунлари ўтказилиб, уларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар депутатлари ва ҳокимлар иштирок этмоқда.

Ўқув семинарлари барча ҳудудларни босқичма-босқич қамраб олиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган муҳим ўқув-амалий майдон бўлиб хизмат қилади.

Уч кун давом этадиган ўқув семинарлари доирасида тингловчилар маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳокимиятлар бўлиниши принциплари, кенгаш ва ҳокимликларнинг ўзаро ҳамкорлиги, депутатларни қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб қилиш, қарорлар қабул қилишида қонунийликни таъминлаш бўйича амалий машғулотларда ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, бюджетни шакллантириш, унинг бажарилиши устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни тизимли ҳал этишда кенгашлар ролини кучайтириш, шунингдек, “маҳалла еттилиги – кенгаш – Сенат” тамойили асосида ишни самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Н.Абдураимова,  

ЎзА