Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари маркази ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти бош директори Чжан Юаньмин билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари марказининг келгусидаги фаолиятини шакллантиришга оид ташкилий-ҳуқуқий ва тузилмавий масалалар, шунингдек, илмий-экологик соҳада икки томонлама ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.
Қўмитанинг маълум қилишича, музокара чоғида марказни ташкил этишнинг эҳтимолий моделлари, унинг кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич ривожлантириш, жумладан, доимий ва лойиҳа асосидаги лавозимларни аниқ белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой томони марказ фаолиятини инвестициявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Хусусан, лойиҳа доирасида тузилмани замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш масаласи кўриб чиқилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони зарур инфратузилмани таъминлаш ҳамда марказнинг тўлақонли фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр эканини билдирди.
Шинжон экология ва география институтининг 2026 йилга мўлжалланган иш дастури тақдим этилди. Унда марказни рўйхатдан ўтказиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари ишлаб чиқиш, илмий салоҳиятни ошириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда фаолиятни ахборот жиҳатдан ёритиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.
Йиғилишнинг асосий қисми эса география, экология, қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларнинг табиий ресурслари, барқарор ривожланиш ҳамда минтақавий тадқиқотларга ихтисослашган халқаро нуфузли илмий журналлар — «Regional Sustainability» ва «Journal of Arid Land» нашрларининг маҳаллий таҳририятини ташкил этиш истиқболига бағишланди.
Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқотни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлаб, эришилган келишувларни янада чуқур ишлаб чиқиш бўйича келишиб олди.
Б.Худойбердиев, ЎзА