Фитосанитария соҳасидаги қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда
Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар фитосанитария соҳасидаги қонун ҳужжатларини бугунги кундаги барча халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, мамлакатимизда етиштирилган ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларининг халқаро савдода тўсиқларсиз ҳаракатланишига, ўсимликлар карантини соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида фитосанитар зарарсизлантириш фаолиятини юридик шахслар томонидан лицензия асосида амалга ошириш тартиби, шунингдек, халқаро тажриба асосида фитосанитар зарарсизлантириш турлари белгиланмоқда.
Фитосанитар зарарсизлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш, ушбу фаолиятни юридик шахслар томонидан амалга ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт ва экспорт қилувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, зарарсизлантириш тадбирлари инсон ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлган усуллар асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА