Биотехнология воситаларини ишлаб чиқариш жорий этилади

Қуйи палата мажлисида депутатлар томонидан “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, юқори талабга эга бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларни маҳаллийлаштириш, аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини халқаро мезонлар даражасида тартибга солиш, ҳужайра технологияси асосидаги биотехнология воситаларини ишлаб чиқаришни жорий этиш белгиланмоқда.

Шунингдек, фармацевтика соҳасида технологиялар трансферини кенг қўллаш, организмнинг функционал имкониятларини тиклаш учун қўлланиладиган дори воситаларини тиббиёт амалиётига татбиқ қилиш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар маҳаллий фармацевтика корхоналарининг қувватини ошириш, соҳага замонавий технологиялар трансферини жорий этиш, соғлиқни сақлаш амалиётида ҳужайра технологиялари асосидаги биотехнология воситаларини қўллаш, тиббий жиҳозлар импорти ва экспортини кенгайтириш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкам ҳимоя қилишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА