Ўзбекистонда қанча шахс пробация назоратига олинган?

39

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Шу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – Пробация бошқармаси  бошлиғи, полковник  Aзамат Ўроқов шу ҳақда сўзлаб берди:  

– Қарор ижроси доирасида пробация хизмати томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини ташкил этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда 90  минг нафарга яқин шахс пробация назоратига олинган. Шундан 31 минг 121 нафари муддатидан илгари озод қилинганлар бўлган, 25 минг 475 нафари ахлоқ тузатиш ишлари, 1 минг 598 нафари шартли ҳукм, 9  минг 219 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 22 минг 215 нафари озодликни чеклаш, 91 нафари мажбурий жамоат ишлари жазосини ўтаб келмоқда.

Қарорда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш ҳолатини танқидий ўрганиш ҳамда ижтимоий-маиший муаммоларини бартараф этиш бўйича манзилли чоралар кўриш вазифаси ҳам юклатилган.

Пробация назоратидаги шахсларнинг жазони ўташдан бўйин товлагани учун унинг жазосини оғир жазо турига алмаштиришдан олдин “Тузалиш сари 10 қадам” шиори остида ижтимоий мослаштиришнинг барча чоралари қайта кўриб чиқилди.

Назорат остидаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудудий бандликка кўмаклашиш бўлимлари билан ҳамкорликда “Ишга марҳамат” меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, муайян касб-ҳунарга эга бўлмаган шахслар ҳудудий “Мономарказ”ларда (ҳайдовчилик, қурилиш, савдо-сотиқ, маиший хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш ва бошқа соҳалар бўйича) касбга ўқитилиши билан бирга, эгаллаган мутахассислигига кўра доимий иш билан таъминланмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаларидан тўлиқ озодликка чиқарилган шахсларга тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиши учун “Дастлабки ижтимоий – моддий ёрдам пакети” ажратиш чоралари кўрилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари билан ўзаро ҳамкорликда назорат остида турган вақтинча ишсиз шахслар “Иш қидираётган шахс” сифатида рўйхатга олинмоқда.

Пробация назорати остида турган ижтимоий аҳволи оғир, ёрдамга муҳтож шахслар “Махсус дафтар”ларга рўйхатга киритилади. Уларга Ўзбекистон Республикаси шахс гувоҳномаси – ID  карта расмийлаштирилишида кўмаклашилади. Шунингдек, пенсия ва нафақа олишлари учун ҳужжатлар расмийлаштирилишида амалий ёрдам берилади.

Назоратдаги шахсларда аниқланган турли касалликлар бўйича тиббиёт муассасаларида даволаниш курсини ўташлари учун йўналтириш ҳамда моддий ёрдам олишлари учун кўмаклашиш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди.

2025 йил давомида пробация назорати остида турган шахслар билан олиб борилган амалий ишлар, ижтимоий ва психологик ёрдамлар натижасида қайта жиноятлар сони 4 фоизга камайишига эришилди.

Қарорга кўра, маҳаллаларда содир этилган ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг сабаблари ва келтириб чиқарган омиллар танқидий муҳокама қилиб борилмоқда.

Жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ушбу шахсларнинг турмуш тарзини мониторинг қилиб бориш, маҳаллаларда маҳаллий ҳокимлар раҳбарлигида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Назорат остидаги шахсларни қонунга итоат, ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни янада кучайтириш мақсадида ҳудудий жиноят ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда “Сайёр суд” тадбирлари ўтказилмоқда. Суд жараёнларида тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тақиқ (чеклов) ва мажбуриятларни виждонан бажариб келаётган шахсларни жазо ўташдан муддатидан илгари озод қилиш, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатини оғирроқ жазо тури билан алмаштириш чоралари кўрилади.

Қарор криминоген вазияти оғир ва мураккаб маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда қайта жиноятлар содир этилишининг қатъий олдини олишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА