«ACQUIN» халқаро аккредитация ва сифатни таъминлаш агентлиги вакиллари ҚДУда

13

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига бир қатор таълим йўналишлари ва мутахассисликларини халқаро мезонлар асосида баҳолаш ва аккредитациядан ўтказиш мақсадида Германиянинг «ACQUIN» халқаро аккредитация ва сифатни таъминлаш агентлиги вакиллари ташриф буюриб, бу йўналишда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Бу жараёнда агентликнинг тажрибали экспертлари – Шарлотта Прогес, Мартин Борг, Майкл Маэр ва Дана Алина университетда ўқув жараёнлари, таълим сифати, ўқув режалари, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, моддий-техник база, ички сифатни таъминлаш тизими ҳамда таълим жараёнининг халқаро стандартларга мувофиқлигини ўрганиш ишлари билан шуғулланмоқда.

Хизмат сафари доирасида «ACQUIN» вакиллари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Б.Жоллибеков билан учрашиб, самимий ва конструктив суҳбат ўтказди. Учрашув давомида университетда олиб олиб борилаётган таълим ислоҳотлари, халқаро ҳамкорлик алоқалари, таълим сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар, шунингдек, халқаро аккредитациянинг аҳамияти ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Ректор Б.Жоллибеков меҳмонларга университетда таълим жараёнини замон талабларига мослаштириш, ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, талабалар учун рақобатбардош билим ва кўникмаларни шакллантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, «ACQUIN» каби нуфузли халқаро аккредитация агентлиги билан ҳамкорлик университет учун муҳим босқич экани таъкидланди.

Шунингдек, халқаро экспертлар университетда мавжуд замонавий ўқув лабораторияларининг моддий-техник базаси, уларнинг таълим жараёнидаги ўрни, лаборатория машғулотларининг ташкил этилиши, хавфсизлик талаблари ва амалий машғулотларнинг ўқув режалари билан уйғунлиги батафсил ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар давомида лабораторияларда фойдаланилаётган асбоб-ускуналар, технологиялар ва уларнинг янгиланиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Экспертлар лабораторияларда олиб борилаётган амалий машғулотлар талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, лаборатория машғулотларида талабаларнинг фаоллиги, профессор-ўқитувчиларнинг амалий тажрибаси ва инновацион ёндашувлари ҳам кўздан кечирилди.

Кўздан кечириш жараёнида «ACQUIN» вакилларига лабораториялар фаолияти, уларнинг таълим дастурларидаги ўрни, халқаро стандартларга мувофиқлиги ва истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси