Чип ХХI аср қуролига айланяптими?

31

Жаҳон геосиёсатида ярим ўтказгичлар оддий технология эмас, балки миллий хавфсизлик ва глобал таъсир воситасига айланган бир пайт АҚШ ва Тайвань ўртасидаги янги савдо келишуви тарихий аҳамият касб этади. Вашингтон ва Тайпей имзолаган битим нафақат миллиардлаб долларлик сармоя, балки Хитойни очиқча безовта қиладиган стратегик қадамни ҳам ифодалайди.

Муайян шартномага кўра, Тайваннинг дунёдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчилари, жумладан TSMC АҚШда ишлаб чиқариш қувватини кенгайтирган тақдирда, ярим ўтказгич ва ускуналар импортида имтиёзли тарифга эга бўлади. Айрим маҳсулотлар умуман бождан озод этилади, умумий экспорт тарифи эса 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Бу АҚШнинг технология соҳасидаги кўп йиллик қарамлигини камайтириш йўлидаги қатъий қадамдир.

Тайвань компаниялари АҚШ иқтисодиётига 250 миллиард доллар инвестиция киритади. Мазкур маблағ ярим ўтказгич, сунъий интеллект ва энергетика соҳаларига йўналтирилади. Қўшимча равишда, яна 250 миллиард долларлик кредит кафолати ҳам тақдим этилади. АҚШ Савдо вазири Ховард Латник Тайвань чип занжирининг камида 40 фоизи Америкага кўчирилиши кераклигини даъво қилиб чиқди.

Ушбу ташаббус Вашингтон учун иқтисодий битимдан кўра кенгроқ масала. Компьютер чипи бугун сунъий интеллектдан тортиб замонавий қурол-аслаҳагача, барча соҳалар асосидир. Бундай маҳсулотларнинг асосий қисми Хитой даъво қилаётган орол — Тайванда ишлаб чиқарилаётгани АҚШни стратегик жиҳатдан хавотирга солиб келган. Ҳозирги келишув ана шу хавотирга жавоб сифатида қабул қилинмоқда.

Албатта, бу жараён ХХР эътиборидан четда қолмайди. Пекин Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва АҚШ ва Тайвань яқинлашувини мамлакат ички ишига аралашув сифатида кўради. Шунга қарамай, Вашингтон ўз позициясини яширмаяпти: Тайвань билан иқтисодий ва технологик боғлиқлик минтақадаги таъсирни сақлаб қолиш воситаси сифатида баҳоланяпти.

Бинобарин, мазкур лойиҳани амалга ошириш Тайвань учун ҳам осон эмас. Ишлаб чиқаришни АҚШга кўчириш улкан харажат талаб этиши баробарида ишчи кучи танқислиги ва ички сиёсий хавф билан ҳам боғлиқ. Қолаверса, орол ҳудудида иқтисодиёт заифлашиши хавфи ҳам йўқ эмас.

АҚШ – Тайвань келишуви чип бозоридаги оддий савдо шартномаси эмас. Бу ХХI асрда технология, хавфсизлик ва геосиёсат қай даражада чамбарчас боғланиб кетганининг ёрқин намунасидир. Зеро, ярим ўтказгичлар учун кураш келажак учун курашга айланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА