Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2025 йил давомида ижобий сақланиб қолди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2025 йил давомида мўътадил ўзгариш хусусиятига эга бўлиб, ўтган йилга нисбатан ўртача 9,8 фоизга ортди. Бу эса Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йил давомида ижобий сақланиб қолганини англатади.
Маълумот учун, хўжалик юритувчи субъектлар фаоллиги 4 та компонент, яъни банклараро тўлов операциялари (маблағлар айланиш тезлиги), товар-хом ашё биржасидаги фаоллик (Республика товар-хом ашё биржасида асосий 34 турдаги товарлар савдосининг ҳажми), фаолият кўрсатаётган субъектлар сони динамикаси, янги турдаги брeндларнинг рўйхатга олиниши орқали баҳоланади.
Хусусан, Республика товар-хом ашё биржасида асосий 34 турдаги товарлар савдоси 2025 йилда жами 85 239,2 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган бир йил давомида 17 фоизга (12 369,8 млрд. сўмга) ортган.
Ушбу даврда фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 2026 йил 1 январь ҳолатига 9,4 фоизга ортган (453 545 тадан 496 212 тага). Бунда йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони 11 фоизга (3 677 тадан 4 083 тага) ва кичик корхоналар 12,7 фоизга (358 116 тадан 403 767 тага) ортган бўлса, фермер хўжаликлари 3,7 фоизга (91 752 тадан 88 362 тага) камайган.
Таҳлилларга кўра, Республикада тўлов операциялари сони 2025 йил давомида 75 742 мингтани ташкил этди, 2024 йилга нисбатан 1 фоизга камайиб (732,2 минг транзакcияга) мўътадил даражада қолган.
Тўлов операциялари Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган мемориал ордер ҳужжатлари, тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси, инкасса топшириқномаси ва аккредитивга аризалар сонининг йиғиндиси билан изоҳланади.
2025 йил давомида юридик шахсларнинг 4 629 та янги товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 6,4 фоизга камайган.
Шунингдек, Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2025 йил декабрь ойида 1067 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 6,7 фоизга ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 22,3 фоизга сезиларли даражада ортган.
2025 йилнинг декабрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 6,7 фоизга ортиб, 1067 бирликни ташкил этиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидаги операциялар сони бўйича компонент 17,9 фоизга ошгани, товар-хомашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 1,3 фоизга камайгани, фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 0,5 фоизга ортгани, товар белгилари бўйича компонент 26,3 фоизга ошганига боғлиқ бўлган.
2025 йил декабрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индексининг барча ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Қашқадарё (59,9 фоиз), Сирдарё (53,6 ), Сурхондарё (51,9 фоиз) ва Тошкент вилоятида (49,8 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
2025 йил декабрь ойида банклараро тўлов операциялари сони 7 053,2 мингтани ташкил этди ва 2025 йилнинг ноябрь ойига нисбатан
1 075,6 минг транзаксияга (17,9 фоиз) ортган.
2025 йил декабрь ойида республиканинг 14 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси (53,7 фоиз), Қашқадарё (45,6 фоиз), Сурхондарё (39,2 фоиз) ва Сирдарё (36,7 фоиз) вилоятларида сезиларли ўсиш кузатилган.
2025 йилнинг декабрь ойида ИФИнинг биржа компоненти 0,9867 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 1,3 фоизга камайганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 1,1 фоизга ортгани ва тузилган битимлар сони 3,8 фоизга камайгани билан изоҳланади.
Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йил декабрь ойида 8 071 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 15,6 фоизга ортган.
Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йил декабрь ойида 1,0047 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,5 фоизга ортган. Бунда 2025 йил декабрь ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (493 863 бирлик) нисбатан2 347 бирликка ортиб, 496 212 бирликни ташкил этган.
Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 22 тага ошган. Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 401 462 тадан 403 767 тага ортган (2305 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 88 340 тадан 88 362 тагача (22 та) ортган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 4 083 тани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 22 тага ортган.
2025 йил декабрь ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 1,2627 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 26,3 фоизга ошган.
2025 йилнинг декабрь ойида юридик шахслар томонидан 447 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА