Берлин Гренландия масаласида АҚШга қарши

9

Германия Дональд Трампнинг Гренландия масаласида Европага босим ўтказиш сиёсатини очиқчасига истеҳзо билан қарши олиб, хавфли деб атади. АҚШ Президенти Данияни оролни сотишга мажбурлаш учун Европадаги иттифоқчиларга тариф билан таҳдид қиларкан, Берлиннинг сабр косаси тўлди, деб ёзган «Reuters».

Экспортга таянган ГФР иқтисодиёти учун бу босим оғир зарба. Автомобилсозлик, машинасозлик ва кимё саноати аллақачон савдо кескинлиги оқибатини бошдан кечирмоқда. Саноатчилар огоҳлантиришича, агар Европа бугун ён берса, эртага янада мантиқсиз талаблар қўйилади.

Германия муҳандислар ва савдо палаталари Трампнинг сиёсий мақсадни иқтисодий жазо билан боғлашини қабул қилиб бўлмас ҳолат сифатида баҳолади ва Брюсселдан қатъий, ягона жавоб талаб қилди. Хусусан, тарихда илк бор “аксил мажбурий чора механизми” ишга солиниши мумкин.

Тариф сиёсати аллақачон аниқ рақамларда сезилмоқда: «Фольксваген» миллиардлаб евро зарар кўриши мумкин, «Mercedes» ва «Porsche» босим остида, BASF эса экспорт инқирозига дуч келмоқда. АҚШ ҳамон Германиянинг энг йирик бозори эса-да, савдо ҳажми пасаймоқда.

Берлин учун масала фақат Гренландия эмас, балки кўҳна қитъанинг сиёсий мустақиллиги, иқтисодий суверенитети ва босимга қандай жавоб бериши борасидаги синов масаласидир.

Мусулмон Зиё, ЎзА