Судда қатнашмаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш механизми жорий этилади
Маъмурий судлар фуқаро ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. 2017-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлиб, уларнинг 60 фоизи қаноатлантирилган.
Эндиликда хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маъмурий судларнинг ўрни ва роли янада кучайтирилмоқда. Жумладан, маъмурий судларга судга ҳурматсизлик ва суднинг хусусий ажрими талабларини бажармаслик ҳолатлари бўйича ишларни кўриш ваколати берилмоқда.

Маъмурий суд ишларини юритишда ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи жорий этилиб, дастлабки эшитув институти татбиқ қилинади.
Шунингдек, маъмурий судлар томонидан маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Мансабдор шахсларнинг маъмурий судда мажбурий иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Яъни, суд мажлисларида узрсиз қатнашмаган мансабдор шахсларга нисбатан суд жаримасини қўллаш механизми жорий этилади.

Шунингдек, маъмурий судларнинг қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, дастлабки эшитув натижасида ариза кўрмасдан қолдирилган тақдирда тўланган давлат божини қайтариш тартиби белгиланмоқда.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда. Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА