Гренландиядаги вазият бўйича ЕК йиғилиш ўтказади

16

Гренландия билан боғлиқ вазият асносида Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта яқин кунларда фавқулодда йиғилиш чақириш ниятини эълон қилди. Аввалроқ у ЕИ АҚШ Президенти Дональд Трамп Европанинг бир неча мамлакатига тариф эълон қилганига жавобан аъзо давлатлардан умумий ҳужжат тайёрлаётганини айтганди.

– Сўнгги воқеалар аҳамиятини инобатга олиб, шунингдек келгуси вазиятни мувофиқлаштириш мақсадида тез орада Европа Кенгаши фавқулодда йиғилишини чақиришга қарор қилдик, – деб ёзган Кошта ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

“Политико” нашри ЕИ расмийси ва дипломатга таяниб, йиғилиш 22 январга режалаштирилганини ёзган.

Шанба куни Трамп февраль ойида Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндияга 10 фоиз тариф жорий этилишини эълон қилди. Бож июнь ойида 25 фоизгача кўтарилади ва Қўшма Штатлар Гренландияни сотиб олиш бўйича битим тузилгунча амал қилади.

Ҳозир Гренландия Дания Қироллиги таркибида. Трамп эса орол Қўшма Штатлар таркибига кириши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. Дания ва Гренландия расмийлари Вашингтонни оролни эгаллаб олишдан огоҳлантириб, ҳудудий яхлитлик ҳурмат қилинишини кутишларини таъкидламоқда.

С.Раҳимов, ЎзА