Ҳаким ата ва Қизилжар ОФЙ ҳудудларининг эскирган газ қувурлари янгисига алмаштирилмоқда

38

Ушбу чора-тадбирлар «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2025 йилги 2-мавсуми натижалари бўйича амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишларни кўздан кечириш ва қурилиш ишларининг сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Мўйноқ тумани ҳокими мутасадди мутахассислар билан бирга ушбу ҳудудларга бориб, эскирган газ қувурларини янгиларига алмаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, Ҳаким ата ОФЙ «Дўстлик» қишлоғи ҳудудидаги турар жойларни ва улгуржи истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаб келаётган, умумий узунлиги 8,2 километрлик юқори босимли (Д-159-219 мм) ер ости газ қувури замонавий талаблар асосида Д-100 мм.лик ер усти газ қувурига алмаштирилиб реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, темир-бетон тумбалар ўрнатилиб, махсус компенсаторлар жойлаштирилмоқда.

Шунингдек, Қизилжар ОФЙ ҳудудида Мўйноқ тумани газ тақсимлаш ускунасидан ОФЙ марказигача бўлган 9000 метрлик масофадаги диаметри 89 мм. бўлган эскирган газ қувури диаметри 150 мм.лик янги, замонавий газ қувурига алмаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳалар «Ташаббусли бюджет» дастурининг 2025 йилги 2-мавсуми натижалари асосида амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишлар халқимиз томонидан билдирилган ташаббус ва таклифларнинг амалий натижага айланиб бораётганининг яққол ифодасидир.

Бу ишлар якунлангач, газ таъминоти янада барқарорлашади, узилишлар ва босим билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади, энг муҳими, хавфсизлик даражаси сезиларли даражада ошади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги