Экспортчи корхоналар учун фитосанитар назорат: муаммолар ва ечимлар

34

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан агентлик директори И.Эргашев ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси А.Жуманазаров иштирокида экспортёр корхона вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда экспорт билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ўсимликлар карантини ва уни ҳимоя қилиш соҳасида экспортчи корхоналарда дуч келаётган муаммоларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни жойида таҳлил қилиш, амалиётдаги норматив-ҳуқуқий талаблар бўйича тушунтиришлар бериш ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали экспорт имкониятларини оширишдан иборат.

Очиқ мулоқотда агентлик томонидан ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг фитосанитар назоратидан ўтказиш тартиб-таомиллари, халқаро талаблар ва сертификатлаш жараёнларининг соддалаштирилиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, экспорт жараёнида юзага келаётган муаммолар, жумладан, ҳужжатларни расмийлаштириш, лаборатория текширувлари, карантин талаблари билан боғлиқ масалалар юзасидан тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга тегишли тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берилди.

Тадбир якунида агентлик томонидан экспортчи корхоналар билан очиқ ва тизимли мулоқотни мунтазам йўлга қўйиш, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш, шунингдек, фитосанитар талаблар асосида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар экспортини кенгайтириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги