“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида транспорт хизматлари ҳажми 301 триллион сўмгача оширилади

17

“Ўзбекистон 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат бўлиб, у барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатига ижобий таъсир кўрсатиш, инсон капитали салоҳиятини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувида самарадорлик ва очиқликни янада оширишни кўзда тутади.

 Стратегияда ислоҳотларни изчил давом эттириш, хусусий сектор фаоллигини кучайтириш, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида тизимли ўзгаришларга эришиш устувор мақсад сифатида белгиланган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар айнан ушбу стратегияни қайта кўриб чиқиш масаласини ўртага қўйди.

“Тараққиёт стратегияси” марказида оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида масъуллар шу ҳақда атрофлича маълумот берди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов, Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Ойбек Ҳакимов сўзга чиқиб, лойиҳага асосан ушбу соҳаларда белгиланаётган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

 Уларнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, бу жараёнда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳам муҳим масала ҳисобланади.

– “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида Ўзбекистоннинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ҳамда миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан. Шунга асосан мазкур ҳужжат доирасида транспорт хизматлари ҳажмини 301 триллион сўмгача ошириш, йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 250 триллион сўмга етказиш, авиақатновлар сонини 200 мингтага чиқариш, жумладан, республика ҳудудлари ўртасидаги рейслар сонини 41 мингтага етказиш вазифалари белгиланган, – деди Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари М.Омаров.

Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоиловнинг маълум қилишича, янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2030 йилга қадар “яшил” иқтисодиётга ўтиш, унинг асосини ташкил этувчи қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш кўзда тутилган. Унга кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 минг МВтга етказиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳажмини 120 миллиард кВт.соатгача оширилади.

Шунингдек, тадбирда туризм соҳасининг галдаги вазифалари ҳам айтиб ўтилди. Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Ойбек Ҳакимов қайд этганидек, 2030 йилга бориб хорижий туристлар йиллик сони 20 миллион нафаргача етказилади, туризм хизматлари экспорт ҳажми 6 миллиард долларга чиқарилади ҳамда ҳудудларда 4 мингта янги меҳмонхона, меҳмон уйи ва хостеллар ташкил этилади.

Матбуот анжумани якунида масъуллар мазкур лойиҳага доир муҳокамалар мунтазам давом этишини таъкидлади.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

 ЎзА мухбири