Футболчиларимиз «Хитой девори»ни ёриб ўта олмади

16-17 январь кунлари Саудия Арабистонида футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилаётган Осиё кубогида чорак финал ўйинлари бўлиб ўтди.
Хусусан, Жидда шаҳридаги «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» стадионида Ўзбекистон ва Хитой ёшлар терма жамоалари ярим финал йўлланмаси учун кескин кураш олиб борди.
Ўта қизиқарли ўтган бу ўйиннинг асосий ва ҳакам томонидан қўшиб берилган қўшимча таймларида дарвозаларга гол урилмади. Бунга албатта, хитойлик дарвозабон ва ҳимоячиларнинг метиндек мустаҳкамлиги сабаб бўлди десак муболаға бўлмайди. Ҳакам томонидан белгиланган пенальтилар сериясида эса, омад хитойлик ёшларга кулиб боқди ва улар 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, Осиё кубогининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритди.
Ушбу учрашувда «Орол» футбол клуби тарбияланувчиси Самандар Муратбаев терма жамоамиз дарвозасини ҳимоя қилган бўлса, яна бир вакилимиз Муҳаммедалий Реймов ўйинга туширилмади.
Қолган чорак финал ўйинларида эса, Япония Иорданияни пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Ветнам Бирлашган Араб Амирликларини 3:2, Жанубий Корея Австралияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Эртага Осиё кубогида ярим финал ўйинлари ўтказилиб, унда Япония, Жанубий Корея, Австралия, Хитой ёшлар терма жамоалари финал йўлланмаси учун ўзаро беллашади.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси